Tashkent Pharma Park фармацевтика кластерининг майдони 80 гектарга кенгайтирилади
Ўзбекистон президенти Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерига туташ ҳудуддан қўшимча 80 гектар ер майдонини ажратиш ҳисобига Кластер ҳудудини кенгайтиришни кўзда тутувчи фармонни имзолади.
Бунда кластер ҳудудини кенгайтириш учун ажратиладиган 80 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер участкалари саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 80 гектар ер майдонининг ер фонди тоифасини ўзгартиришда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги компенсация тўловлари, истисно тариқасида ундирилмайди.
Тошкент вилояти ҳокимлигига икки ой муддатда:
– мазкур бандда кўрсатилган ер участкаларини контурларини белгилаган ҳолда амалдаги фойдаланувчилардан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда олиб қўйиш ва давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш;
– Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (Кариев), Кадастр агeнтлиги (Умаров) билан биргаликда ер участкасининг “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ривожлантириш дирекцияси давлат муассасасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш чораларини кўриш топширилди.
Кластер майдони даставвал 43,75 га ни ташкил қилганди. Биз аввалроқ кластер қурилишининг бош пудратчиси Whitecity Construction МЧЖ экани ҳақида ёзгандик.
Компанияни СТИР бўйича (давлат харидлари порталидаги шартномада кўрсатилган) юридик шахслар реестридан излаганда Eco House-Group компанияси чиқиб келди. Бунда 2020 йил май ойида “Газета” нашри компания ҳақидаги ахборотни чоп этганди, у пайтда компания (худди шу СТИР билан) Whitecity Construction МЧЖ деб аталарди. Унинг муассислари орасида аввал Akfa Engineering and Management директори ва директор ўринбосари лавозимларида ишлаган Исмоил Иркинович Исраилов ҳам бор. Таъсисчиларнинг ҳозирги таркибида у йўқ.
J-United Group компанияси Whitecity Construction товар белгисининг эгаси саналади, унинг ягона муассиси сифатида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев кўрсатилган.
Шарҳлар