«Ташкилот мамлакатларни баҳолаш методологиясини бутунлай ўзгартирди” –Ўзбекистондаги АҚШ элчиси матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон позицияси яхшилангани ҳақида
Ўзбекистон 2022 йилда “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилди.
«Рейтинг ҳақидаги бу янгиликнинг Ўзбекистонда қандай ёритилгани мен учун жуда қизиқ бўлди: кўплаб ОАВлари Ўзбекистон рейтингда 24 поғона юқорилаганини маълум қилишди ҳамда буни мамлакатда ОАВлари учун яратилган эркинроқ муҳит натижасида Ўзбекистон эришган ютуқнинг халқаро доирадаги эътирофи, дея таъкидлаган Президент матбуот котиби жаноб Асадов ва ё ОАВларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раиси жаноб Алламжоновдан иқтибос келтиришди. Адолат нуқтаи назаридан, жаноб Алламжонов вазият янада яхшиланиши мумкинлигига ишора қилиб, “агар матбуот фаолиятига камроқ аралашилса, янада юқорига кўтарилиш учун имконимиз бор”», – деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Вебстер университетининг “ОАВдаги профессионаллар учун инглиз тили” дастури битирувчилари билан учрашувда.
Элчининг қайд этишича, Ўзбекистоннинг бу рейтингда юқорига кўтарилишини тушунтириш учун мураккаброқ сабаб мажуд, бунинг эса эркин ва мустақил ОАВ учун шароит яхшилангани ва ё журналист ва блогерларга нисбатан муносабат билан алоқаси йўқ.
«Гап шундаки, 2022 йилги жаҳон матбуот эркинлиги индекси учун “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти мамлакатларни баҳолаш методологиясини бутунлай ўзгартирганди. У матбуот эркинлигини баҳолашда бешта янги кўрсаткични жорий қилди ва ушбу кўрсаткичларнинг ҳар бири бўйича маълум бир мамлакатга оид натижаларни ўлчаш учун янгича сўров турларидан фойдаланди. Методологиянинг бундай ўзгариши натижасида кўплаб мамлакатларнинг ўрни ё юқорига, ё қуйига ўзгариб кетди. Шу боис, 2021 ва 2022 йилги рейтингларни мазмун жиҳатидан таққослаш жуда мураккаб, балки имконсиздир».
Дэниел Розенблюм RSF ҳисоботидан бир нечта иқтибосларни келтиради: «Ҳукумат асосан оммавий ахборот воситаларини, шунингдек, ҳукумат билан яқин алоқада бўлган бир қатор блогерларни кенг назорат қилади… Ҳукумат ҳалигача ОАВни репрессия қилишга имкон берувчи қонунларни бекор қилиш учун зарур бўлган ислоҳотларни амалга оширмади…Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш кенг тарқалган…Расмийлар буни иқтисодий босим ўтказиш ва журналистларни коррупциялаштиришга уриниш амалиётига айлантирмоқда…Охирги қамоққа олинган журналистлар озод этилди, аммо реабилитация қилинмади…Блогерлар таҳдидга учраб, ҳибсга олинди». Буларнинг бари “Чегара билмас мухбирлар” чиқарган жаҳон матбуот эркинлигига оид ҳисоботдан иқтибослардир.
«Ўз ҳисоботи ва материалларида масалага имкон қадар адолатли ва мувозанатли ёндошиш профессионал журналистлар ва элчилар учун ҳам муҳимдир. Бу эса кўпинча материаллар учун мазмунли контекст тақдим этишни англатади».
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг 2022 йилги матбуот эркинлиги рейтингида жойлашган ўрни борасидаги воқеанинг мазмунли контексти, шунингдек, журналистика учун муҳит, бугунги кунда Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги ва хилма-хиллиги олти йил аввалгига нисбатан анча яхшиланганини эътироф этишни ҳам қамраб олмоғи лозим.
«2016 йилдан буён медиа соҳасида кескин ва умуман олганда ижобий ўзгаришлар рўй берди. Журналистлар учун мамлакатингизда, ҳукуматингиз ё жамиятингизда рўй бераётган воқеалар ҳақида хабар бериш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият мавжуд».
Элчининг қайд этишича, шу билан бирга, ОАВга оид қонунчиликда жиддий камчиликлар мавжуд. Бу камчиликлар жуда кўп мансабдор шахсларнинг ОАВга муносабатида, журналистлар учун мавжуд бўлган касбий андозалар ва этикада, энг муҳими, журналистларнинг босим ва қўрқитишсиз ишлай олишида, айниқса, кимдир сиёсий жиҳатдан нозик масала деб кўрилган соҳаларда материллар тайёрлаш кабиларда намоён бўлади.
«Ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари жуда кўп, журналистлар қандай “қизиқ чизиқлар”ни босиб ўтмасликни билишади, чунки у чизиқларни кесиб ўтишдан қўрқитилади. Мен ўтган йилда ўша камчиликлар янада кескинлашди ва кўзга ташланди, деган бўлардим. Шу боис мен ва Ўзбекистондаги вазиятни кузатувчи бошқа кўплаб кишилар жаҳон матбуот эркинлиги рейтингидаги хабарни ўқиб, жуда ҳайратда қолдик. Яъни, бу ҳайрат воқеа ортидаги асл воқеа нимада эканини аниқлаштиргунимизча давом этди!»
Дэниел Розенблюмнинг қайд этишича, мамлакатда “ОАВ вакиллари учун ҳар қачонгидан ҳам кенгроқ имкониятлар яратилган”.
«ўз ватандошларингизнинг овозини эшитарли қилиб бериш имкони, уларнинг ташвишларини эшитиш имкони. Одамларнинг кундалик ҳаётига тааллуқли қизиқарли ва муҳим масалалар ҳақида ёзиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият мавжуд. Давлат амалдорларини ўз қилмишлари учун жавобгарликка тортиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият бор. Президент Мирзиёев кўп бор таъкидлаганидек – давлат халққа хизмат қилмоғи керак, аксинча эмас!», – дея хулоса қилди у.
Шарҳлар