Таъсисчиси маданият вазири бўлган компания унинг ўғли номига расмийлаштирилди

Источник: Международный пресс-клуб

Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков 2016 йилнинг март ойидан ҳозиргача “Koba san’at majmuasi” МЧЖ таъсисчиси бўлиб келгани аниқланди. Бу ҳақда бир кун аввал интернетда пайдо бўлган маълумотни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тасдиқлади, деб ёзади “Газета” нашри.

Таниқли хонанда Озодбек Назарбеков 2017 йилдан буён маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган. 2020 йил июнь ойида эса маданият вазири этиб тайинланган. 2023 йил бошида вазирлик номи Маданият ва туризм вазирлигига ўзгартирилган.

30 май куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Маданият ва туризм вазирлигига «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун (давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини, тадбиркорлик субъектларини ташкил этишини тақиқлайди) ва бошқа қонуности ҳужжатларига қатъий риоя қилинишини ҳамда вазирлик фаолиятида очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик принципларига риоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилди.

«Юқоридаги ҳолат бартараф этилиб, “Koba san’at majmuasi” МЧЖ таъсисчиси ўзгартирилди», — дейилади хабарда.

Orginfo.uz маълумотларига кўра, ҳозирда компания асосчиси Назарбеков Жафарбек Озодбек ўғли ҳисобланади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.