«Тасвирлар бўялмаяпти» – Тошкент шаҳар ҳокимлиги ака-ука Жарскийларнинг мозаикалари ҳақида

Источник: Tashkent Retrospective

27 март куни Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган иккита уйдаги ака-ука Жарскийларнинг мозаикалари бўялгани маълум бўлди. Чилонзор тумани ҳокимлигининг маълум қилишича, бу халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2022 йил 3 мартдаги VI-57-50-14-0-К/22-сонли қарори асосида амалга оширилган. Журналист, блогер Никита Макаренко бу депутатлар орасида кимлар борлиги билан қизиқди.

“Бу одамлар кимлар? Бу “халқ вакилларини” ким сайлаган? Улар нима ишни қойил қилган? Нима билан шуғулланади? Тошкентдаги ҳаётим давомида уларнинг шаҳар ҳаётида фаол иштирок этгани ҳақида эшитмаганман. Умуман. Ҳеч бир низода. Ҳамма жойда ё фаоллар, ёки журналистлар. Булар эса доим жим, ҳокимларга қоғоз силкитишади. Ҳа, маълум бўлишича, маданий меросни йўқ қилишаётган экан. Сиз кимсиз, шаҳар Кенгаши? Бизга бундай кенгаш керак эмас”, — дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги “пойтахтнинг энг “ташвиш чекаётган” блогерлардан бирининг ўта эмоционал постига жавобан” тасвирлар бўялмаганини билдиради.

“Бинолардаги тасвирлар устидан бўяб ташланаётгани йўқ, аксинча, мутахассис берган тушунтиришга кўра, кўп қаватли уйлар деворидаги мозаикалар шаҳримизнинг диққатга сазовор жиҳатини сақлаб қолишга қаратилган махсус материал билан қопланмоқда. Ишлар тўлиқ якунига етганидан сўнг, материал қум-оқим усули билан ювилади ва мозаика тасвирлари пойтахтимиз аҳолиси кўзи олдида ўзининг бошланғич, бироқ энди мустаҳкамроқ кўринишида намоён бўлади”, — дейишмоқда маъмуриятдагилар. 

Ҳокимлик пост муаллифига “Пост муаллифига, ҳиссиётларга бой саволларни бериш ва ҳақоратли оҳангдаги гапларни ёзишдан аввал, маълумот ва масалаларга аниқлик киритишни, ҳеч бўлмаса, ўз гапида тилга олаётган ҳужжат билан танишиб чиқишни” маслаҳат берган.

“Берилаётган маълумотлардаги шошқалоқлик у ёки бу давлат идоралари ёҳуд мансабдор шахсларга нисбатан ижтимоий тармоқлардаги хайп ва оммавий ҳужумдан бошқа ҳеч қандай натижа бермаётганини амалиёт бир неча бор кўрсатди”.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши қарорининг тўлиқ матнига ҳаволани эълон қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.