Ўзбекистонга 6 та фарзанди билан депорт қилинган аёл Татаристонга қайтиш мақсадида

Фото: namanganliklar.uz

Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) номига жорий йилнинг 9-апрель куни Россия Федерацияси Татаристон Республикаси Болалар омбудсманининг мурожаати келиб тушди.

Унга кўра, Ўзбекистон фуқароси Н.Қ (аёл) 20 йил аввал доимий яшаш учун Россиянинг Қозон шаҳрига келган ва  ёнғин оқибатида унинг фуқаролик паспорти ёниб кетган. У шу пайтгача РФда ҳеч қандай ҳужжатларсиз яшаган ҳамда  6 нафар фарзандни дунёга келтирган. Қозон шаҳри туман судининг қарори билан у фарзандлари билан шу йилнинг 5 март куни РФдан мажбуран чиқариб юборилган.

«Татаристон Болалар омбудсмани ҳозирда Н.Қ. 6 нафар фарзанди билан Тошкент шаҳрида бошпанасиз ва пулсиз оғир аҳволда эканлигини ва бу оила ижтимоий ҳамда бошқа турдаги ёрдамга ниҳоятда муҳтожлигини билдирган», – дейилади хабарда.

Агентлик томонидан ушбу ҳолат комплекс равишда ўрганилиб, Н.Қ. ва унинг 6 нафар фарзандига қатор муаммоли масалаларда  кўмак кўрсатилган яъни апрелда аёл ва унинг фарзандлари учун энг зарурий биринчи навбатдаги ёрдам кўрсатилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маиший эҳтиёжлари таъминланган ҳамда ИИВ томонидан 24 апрель куни Н.Қ. га ва унинг вояга етган фарзанди И.Қ. (2006-йилда туғилган) га шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштириб берилган.

Н.Қ. фарзандлари билан РФнинг Татаристон Республикасига тез кунда қайтиш ва фарзандлари у ерда ўз таълимини давом эттириши истагидалигини билдирган. Ҳозирда унинг барча фарзандларига хорижга чиқиш паспортлари расмийлаштиришга ёрдам берилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.