Тажимуратовнинг адвокати апелляция судининг қарорини “адолатсиз” ва “мутлақо ноқонуний” деб атади

Фото: Сергей Майоров

Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров ўз ҳимояси остидаги шахснинг апелляция шикояти бўйича Олий суд судлов ҳайъати қарорини «адолатсиз» ва «мутлақо ноқонуний» деб атади. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.

Ўзбекистон Олий суди 5 июнь куни 2022 йил июлида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан жиноят иши бўйича судланган Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди. Январь ойида Бухоро суди уни конституциявий тузумга тажовуз қилиш каби турли айбловлар билан 16 йилга озодликдан маҳрум қилганди.

«Мен [Олий суднинг ушбу қарорини] нафақат адолатсиз, балки биринчи навбатда ноқонуний деб ҳисоблайман», — дейди Майоров.

«Ушбу суд қарори… бизнинг суд, ҳатто Олий суд даражасида ҳам… мустақил эмаслигини яна бир бор янада аниқ ва ишончли тасдиқлаб берди. У бошқа судлар сингари ҳокимиятнинг хоҳиш-иродасини бажаради. Ҳукумат Тажимуратовнинг 16 [йили ўзгармай] қолишини сўради, суд эса бу кўрсатмани бажарди», — дея таъкидлади адвокат.

«Суд мутлақо ноқонуний, процессуал бўлмаган қарор қабул қилди. Процессуал нуқтаи назардан расмий равишда тўғри, лекин ҳокимиятни ағдариб ташлаш ёки ҳокимиятни қўлга олиш мақсадида фитна уюштириш каби оғир жиноятни содир этишда айбдорлигини исботлаш нуқтаи назаридан у бу жиноятни содир этмаган. У ўзига юклатилган бошқа жиноятларни қилмаган», — дея қўшимча қилди у.

Сергей Майоровнинг сўзларига кўра, у ҳам, Даулетмурат Тажимуратовнинг ўзи ҳам ҳукм ўзгартирилишига ишонмаган.

Майоров, шунингдек, апелляция жараёни қонунбузарликлар билан ўтганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, суд ушбу жиноят иши «холисона ҳал қилиниши» билан «ростакамига шуғулланмаган».

Музокара чоғида Сергей Майоров суддан Тажимуратовга қўйилган айбловларга асос бўлган экспертиза хулосалари «қўпол қонунбузарликлар» билан ўтказилгани учун жиноят ишидан чиқариб ташлашни сўраганди.

«Барча эксперт хулосаларини ҳам қабул қилиб бўлмаслиги ҳақидаги далилларим [суд] эътибор[и]дан четда қолди», — деди адвокат.

«Ҳукм [кассация шикояти кўриб чиқилгандан кейин ҳам] ўз кучида қолишига шубҳа йўқ. Аммо, нима бўлганда ҳам, ушбу кассация шикояти босқичидан ўтишга мажбурмиз. БМТнинг [Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси] петиция қоидалари биздан миллий апелляция [ҳукми]нинг барча босқичларидан ўтишимизни талаб қилади. Яъни ҳукмни ўзгартириш учун мамлакат миқёсидаги барча имкониятлардан фойдаланиб бўлган бўлиш керак», — дея тушунтирди Сергей Майоров.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.