Телеграмда ёлғон хабар юбориб фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган 20 ёшли йигитча қўлга олинди

Фото: baxtiyor.uz

«Ссылка» юбориш орқали фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган 20 ёшли йигитча қўлга олинди, деб ёзмоқда Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати.

Хабарга кўра, «Қашқадарё вилояти, Миришкор туманида яшовчи 35 ёшли Р.Д. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 43.200.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳри, Яшнобод туманида яшовчи 20 ёшли Н.А. содир этганлиги аниқланган».

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Н.А. интернет фойдаланувчиларига “Телеграм” мессенжери орқали турли хил мазмунлардаги хабарлар (ҳавола) жўнатиб, уларни қизиқтириб, банк карта маълумотларини қўлга киритиш орқали банк карталарида сақланган пулларни ўғирлаб, қинғир йўллар билан бойлик орттириб келаётганлиги маълум бўлди.

«Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Н.А.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда», – дейилади хабарда.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

🚀Telegram |🎬Youtube |👚Instagram

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.