Термитлар Ўзбекистондаги қатор маданий-тарихий ёдгорликларни шикастлади

Источник: https://www.advantour.com/

Термитлар турар-жой бинолари, ижтимоий объектлар ва биноларга, қадимий обидаларга, ёғочдан ясалган санъат ва ҳунармандчилик асарларига мисли кўрилмаган зарар етказган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Зоология институти директори Бахтиёр Холматов маълум қилди, деб ёзади “Фергана” нашри.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Самарқанд термитлар томонидан кучли зарарланган ҳудудлар ҳисобланади.

Глобал иқлим ўзгариши, ҳароратнинг ошиши ва антропоген омиллар натижасида термитлар ўз табиий яшаш жойларидан кўчиб ўтиб, аҳоли пунктларидаги ёғоч биноларга жиддий зарар етказмоқда.

Дунёда термитларнинг 3000 га яқин тури мавжуд бўлиб, Ўзбекистонда термитларнинг 2 тури Туркистон термити Anacanthotermes turkestanicus Jacobs., 1904 ҳамда катта Каспий орти термити Anacanthotermes ahngerianus Jacobs., 1904 турлари республикамизнинг деярли барча вилоят ҳудудларида кенг тарқалган.

Зоология институти маълумотларига кўра, республика бўйича аҳоли турар жойларида – 18 958 та ҳолат, маданий-тарихий обидаларда – 46 та ҳолат, стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларда-15 та ҳолат, ижтимоий соҳа объектларида – 98 та ҳолат, дала ва чўл зоналари, қабристонлар ва бошқа очиқ жойларда – 1082 га майдонда термитлар мавжудлиги аниқланган.

Яна 46 та ҳолат термитларнинг маданий ва тарихий ёдгорликларга зарар этказиши билан боғлиқ бўлган. Шундай қилиб, Холматовга кўра:

– Термиз туманидаги I-III асрларга тегишли Буддавийлик зиёратгоҳларидан бири Фаёзтепа обидаси ҳудудининг 100% термитлар билан зарарланган;

– ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ичан-қалъа мажмуасининг 33 та обидасида ёғоч ўймакорлиги жиддий шикастланган. Жумладан, Жума масжиди, Пахлавон Маҳмуд, Муҳаммад Амин Иноқ ва бошқа мақбаралар термитлар томонидан катта зарар кўрган.

– Термитларнинг зарарли таъсири Сурхондарёдаги Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбарасида ҳам қайд этилган,

– Қашқадарёдаги Ҳазрати Имом масжиди,

– Навоий шаҳридаги “Хасан-Хусан” қабри,

– Қорақалпоғистондаги Миздаҳкан мажмуаси зарар кўрган.

Ўзбекистон ҳукумати мазкур ҳашаротлардан қутулиш чораларини кўрмоқда. 2012 йили «Республика термитларга қарши кураш маркази» давлат унитар корхонаси ташкил этилган бўлиб, у заҳарли ем-хўракларнинг янги саноат намуналари яратилиш, уларни ишлаб чиқариш ва зарарсизлантириш станцияларига етказиб бериш, Зоология институти билан биргаликда термитларга қарши кураш бўйича услубий кўрсатмалар, тавсиялар ва йўриқномалар ишлаб чиқади.

Холматовнинг сўзларига кўра, шу кунгача марказда 180 минг дозага яқин термитларга қарши дори ишлаб чиқарилган. Уларнинг 160 мингтаси турар-жой биноларида, 10 мингтаси маданий-тарихий обидаларда, қолганлари ижтимоий муассасалар ва стратегик аҳамиятга эга объектларда муваффақиятли фойдаланилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.