Тез озиб кетиш жиддий касалликлар аломати…ми

Тана вазни саломатликнинг асосий кўрсаткичларидан бири. Аммо баъзи инсонларда сабабсиз тез озиб кетиш ҳоллари кузатилади. Хўш, бунинг боиси нима? ССВ матбуот хизмати қуйидаги маълумотларни тақдим этмоқда.

Ушбу саволга олий тоифали шифокор Раъно Носирова жавоб берди.

«Айрим пайтда бош мия, юрак ва мушаклар меъёрда ишлаши учун организмда озиқ моддалар етишмайди, — дейди мутахассис. — Шундай ҳолатда улар ёғ тўқимасига “сигнал” юбориб, ички қўшимча захирадан фойдаланади», – дейилади хабарда.

Оқибатда ёғ ҳужайралари парчаланиб, энергия ажралади ва бу қувват ҳаётий муҳим аъзолар эҳтиёжини қондириш учун сарфланади. Организм ёғ тўқимасини йўқотар экан, ўз-ўзидан тана вазни камайиб боради. Аслида тез озишнинг бир неча сабаблари мавжуд.

Жумладан, энтероколит, атрофик гастрит каби ошқозон-ичак касалликларида озиқ моддалар сўрилиши ёмонлашиб, тана вазни камаяди. Оғриқ, қорин дам бўлиши, кўнгил айниши, ич кетиш ёки қотиши ушбу касалликларга хос белгилардир.

Қолаверса, озиқ моддалар сўрилишининг бузилиши туфайли танада витаминлар ва микроэлементлар танқислиги рўй бериб, анемия кузатилади. Тери қуруқлашиб, тирноқлар синувчан, милклар эса қонайдиган бўлиб қолади.

Ўткир панкреатит (меъда ости бези яллиғланиши) ва сурункали холицистит (ўт йўллари яллиғланиши)да ҳам тана вазни камайиши мумкин. Чунки ушбу хасталиклар сабабли овқат ҳазм қилиш жараёни бузилиб, организм айрим озиқ моддаларни қабул қила олмайди.

«Бундай ҳолларда беморлар таомлангандан сўнг ноқулайлик ҳиссини сезади. Кўнгли айниб, ич кетиш, холециститда ўнг қовурға остида оғриқлар пайдо бўлади. Шунингдек, сил касаллигида ҳам бемор тез озиб кетади. Иштаҳа йўқолиб, организм хасталик қўзғатувчиси – сил таёқчасига қарши курашиш учун кўп энергия сарфлайди», – деган мутахассислар.

Тан вазни тез йўқотилишининг кенг тарқалган сабабларидан яна бири ичаклардаги гельминтлар ва лямблиялардир. Бундай беморларда кўнгил айниши, қорин дам бўлиши, ич бузилиши, терига турли тошмалар тошиши, тана ҳарорати кўтарилади.

Бундан ташқари, озиб кетиш қандли диабетнинг 1-тури, депрессия, онкологик касалликлар, лимфома, лимфогранулематоз, лейкоз каби касалликлар сабабли ҳам бўлиши мумкин.

Агар тез вазн йўқотиш ҳолати кузатилса, оила шифокорига мурожаат қилиш лозимлиги қайд этилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.