Ўтган йили ўзанли каналларда 14 млрд метр куб сув йўқотилгани айтилмоқда

Фото: freepik.com

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида сув муаммоси кун сайин долзарб бўлиб бораётгани таъкидланди. ўтган йили истеъмол қилинган 39 миллиард куб метр сувнинг 36 фоизи тупроқ ўзанли канал ва ариқларда йўқолгани кўрсатиб ўтилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар беради.

Сўнгги икки йилда сув хўжалигига, жумладан сув тежовчи технологияларга катта миқдорда субсидия ажратилган. Бундан ташқари, ерларнинг 70 фоизи эски усулда суғорилгани боис, 5-6 миллиард куб метр сув беҳуда сарфланиб, коллекторларга ташланаётгани айтилди.

Бугунги кунда 2,5 миллион гектар майдонни суғориш учун 5 мингдан зиёд насос ишлатилиб, йилига 7 миллиард киловатт соат электр сарфланади. Лекин, 80 фоиз насослар 35-40 йилдан бери ишлатилиб, ўз ресурсини ўтаб бўлган.

Давлатимиз раҳбари сув хўжалигидаги бундай вазиятдан чуқур ташвишдалигини қайд этиб, соҳа мутасаддиларига қаттиқ эътироз билдирди.

Каналларни бетон қилиш орқали йўқотишларни камайтириш, насосларни энергия тежамкорига алмаштириш, сув иншоотларида автоматлашган ҳисоблагич ўрнатиш юзасидан топшириқлар берилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.