Толиблар Ўзбекистон учун таҳдид эмасликларини яна бир бор ишонтириб айтишди

Источник: МИД Узбекистана

30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги мамлакат делегацияси Қобул шаҳрига ташриф буюриб, Афғонистон Муваққат ҳукумати вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар беради.

«Афғонистон вакиллари Ўзбекистон томонини Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига, умуман, бутун дунёга заррача таҳдид ҳам ҳеч қачон ушбу давлат ҳудудидан келмаслигига ишонтирди».

Учрашувлар давомида Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти, Ташқи ва Ички ишлар, Жамоатчилик, Энергетика ва Иқтисодиёт вазирликларида музокаралар олиб борилди. Мамлакатдаги мавжуд вазият, Афғонистон халқига инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди

Афғонистоннинг янги ҳукумати Ўзбекистон билан биргаликда икки мамлакат халқларининг буюк аждодлари – Алишер Навоий (Ҳирот), Заҳириддин Бобур (Кобул), Абу Райҳон Беруний (Ғазна) ва Бобораҳим Машраб (Таҳор) қўним топган масканларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга тайёрлигини билдирди.

«Мамлакат мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади», – дейилади ташқи сиёсий идора хабарида.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.