Толибларнинг мудофаа вазири Ўзбекистон ва Тожикистондан ҳарбий авиатехникани қайтаришни талаб қилмоқда

Источник: https://www.csis.org/

«Толибон» ҳукуматининг Мудофаа вазири мулла Муҳаммад Ёқуб Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲҲК) учувчилари томонидан ўтган август ойида Ўзбекистон ва Тожикистонга ўғирлаб кетилган ҳарбий вертолётлар қайтарилиши кераклигини айтган. Акс ҳолда, бунинг «бадали тўланиши» билан таҳдид қилган. Толиблар Мудофаа вазири бу ҳақда 11 январь куни тегишли баёнот билан билдирган, деб ёзади “Фергана” нашри Tolo News телеканалига таянган ҳолда.

«Тожикистон ёки Ўзбекистонда бўлган авиатехникамиз қайтарилиши керак. Биз унинг хорижда қолишига ёки бошқа давлатлар томонидан ишлатилишига йўл қўймаймиз», — деган мулла Ёқуб.

TOLOnews хабарига кўра, Афғонистон собиқ ҳукумати Ҳарбий-ҳаво кучлари 164 та ҳарбий самолёт ва вертолётга эга бўлган, ҳозирда улардан фақат 81 таси қолган. Толибларга кўра, қолган ҳарбий техникалар «турли мамлакатларга» олиб кетилган. Ўтган йил кузидан бери «Толибон» қўшни давлатларга олиб кетилган собиқ Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари авиатехникаларини қайтаришга уринмоқда.

ОАВ маълумотларига кўра, A-29 Super Tucano самолётлари, UH-60 Black Hawk, MD-530 ва Ми-17 вертолётлари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида бўлган. Афғонистонни қайта тиклаш бош инспекторининг 30 октябрь кунги ҳисоботида таъкидланишича, собиқ Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбий самолётларининг тўртдан бир қисми постсовет республикаларига олиб ўтилган.

Декабрь ойида толиблар қўшни давлатларга ўғирлаб кетилган бир нечта самолёт ва вертолётларни қайтариб олишга муваффақ бўлганини айтган эди. Улар айнан қайси давлат авиатехникаларни қайтариб берганига аниқлик киритмади.

Бундан ташқари, толиблар мамлакатдан қочиб кетган ҳарбий учувчиларини қайтариш учун бир неча бор мурожаат қилишган. 20 йил давомида ҳукумат ва чет эл кучларга қарши партизан ва террорчилик урушини олиб борган «Толибон»нинг авиация соҳасида мутахассислари деярли йўқ.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.