,

Тошкент ҳокимлиги “Қўйлиқ”даги бозор юзасидан саволларимизга жавоб бермаяпти

Фото: ЎзА

Anhor.uz интернет-нашри 6 январь 2024 йил куни Тошкент шаҳар ҳокимлигига, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5 ва 6-моддаларига асосан, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 9-моддасига ҳамда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартиби тўғрисида”ги йўриқномага (Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан 2016 йил 17 мартида 2769-сон билан рўйхатга олинган) асосланган ҳолда қуйидаги маълумотларни сўраб, “Ахборот сўрови”ни юборган эди. Бироқ, пойтахт ҳокимлиги саволларни 17 кундан буён жавобсиз қолдирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан 7 (етти) кунлик муддатда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.

Таҳририят саволларни қуйида қолдиради. Тошкент шаҳар ҳокимлигидан эса ушбу саволларга жавоб кутиб қоламиз.

  1. “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” кўчирилиши ёки бузилиши борасида ҳал қилувчи якуний қарор ҳокимият томонидан қачон чиқарилган ва қандай муддатда Қўйлиқ бозорида фаолият олиб бораётган тадбиркорларга етказилган?
  2. Айни пайтда Қўйлиқ бозоридаги қурилиш ва реконструкция ишлари қайси ҳужжат асосида амалга оширилмоқда ва бозорнинг қурилиш ва реконструкция лойиҳаси тадбиркорлар билан муҳокама қилинганми?
  3. Бозорда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар қачон расмий тарзда, ёзма равишда огоҳлантирилган?
  4. Қўйлиқ “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори”даги реконструкция ва қурилиш ишлари қачон якунланади?
  5. “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” қайси маблағлар ҳисобидан реконструкция қилиняпти?
  6. Бозордан кўчирилган тадбиркорларга уларнинг илгариги жойларини қайтариб олиш шартлари олдиндан белгиланиб, табиркорларга етказилганми?
  7. Реконструкциядан кейин “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори”даги жойлар қандай ва кимларнинг орасида тақсимланади?
  8. “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” қурилиш ва монтаж ишларини амалга ошириш учун қурилиш ташкилотлари орасида қачон тендер ўтказилган ва унда ким ғолиб деб топилгани ҳақида шаҳар ҳокимияти қачон ва қаерда эълон қилган?

Юқоридагилардан келиб чиқган ҳолда, амалга оширилган тўғридан-тўғри шартномага ҳуқуқий баҳо беришингизни сўраймиз.

Таҳририят, бозор кўчирилиши муносабати билан, реконструкция ишлари бошланган ҳудуддан репортажни ҳам тайёрлаб тақдим этганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.