“Тошкент ИЭС”да мазутдан фойдаланилмоқда
“Тошкент ИЭС” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқариш жараёнида Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлувчи зарарли моддалар чиқарилаётгани ҳақидаги хабарлар кенг жамоатчилик ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг муҳокамаларига сабаб бўлганди.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Экологик партияси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура вакиллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экологик партияси маълум қилди.
«Ўрганиш давомида “Тошкент ИЭС” акциядорлик жамиятида электр энергияси ва иссиқлик энергияси узилишларининг олдини олиш мақсадида мазут ёқилғисидан фойдаланилаётгани маълум бўлди», – дейилади хабарда.
Шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича мавжуд ускуналарнинг эскиргани, атмосфера ҳавосига зарарли моддаларнинг ажралиб чиқишининг олдини олишга хизмат қиладиган технологияларга зарурат борлиги ҳам аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича Бош прокуратура, Энергетика вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Ҳукуматга асослантирилган тушунтириш бериш, ўз нуқтаи назарини баён этиш юзасидан депутатлик сўрови юборилган.
Аввалроқ, Энергетика вазирлиги «Ҳавонинг ифлосланишида мазутнинг “айби” йўқ»лигини идао қилганди.
Шарҳлар