Тошкент ИИББ қийноқларини бошидан кечирган россиялик бизнесмен босқинчилик учун 15 йилга қамалди
Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди пойтахт ички ишлар бошқармасида қийноқларни юошидан кечирган россиялик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевни босқинчиликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Озодлик радиосига таяниб “Медиазона” хабар беради.
Тўрахўжаев 2023 йил 12 апрель куни Наманган вилояти Поп тумани ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган, сўнгра Тошкент шаҳар ИИБга ўтказилган. Айбланувчи ва унинг адвокати пойтахт тергов изоляторида тадбиркор Наманган яқинида қурган «Космос» дам олиш масканидан воз кечиш учун қийноққа солинганини таъкидлаган.
У тергов изоляторида бўлганида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номига мурожаат ёзиб, унда туҳмат билан қамалгани, ички ишлар ходимлари шафқатсиз қийноқлар қўлланганидан шикоят қилган.
“Оғзим ва бурнимни скотч билан маҳкам боғлаб қўйишди, бошимга полиэтилен пакет кийдиришди, сўнг олти соат давомида танаффуссиз товоним, сонларим, оёқларимнинг олд қисми, кўкрак ва бошимга таёқ ва махсус пластик қўлқоплар билан уришди. Мен бир неча марта ҳушимни йўқотдим. Улар мени ҳар сафар электрошокер билан ҳушимга келтириб, яна уришди”, — деб ёзади Тўрахўжаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатида.
Шунингдек, маҳкумнинг сўзларига кўра, уни калтаклаган милиция ходими «Космос»ни унга топширмаса, “босқинчи тадбиркорни 15 йилга қамаб қўйиши” билан қўрқитиб, номаълум ҳужжатга имзо чекишни талаб қилган.
“У менга: “Сенинг президентинг ўлди, мен – сенинг президентингман, мен – сенинг адвокатингман”, деди, мен унга президентим ўлмаганини ва ҳамма қонун олдида жавоб беришини айтганимда, ходимлар мени бир ярим метрга полга улоқтиришди”, – дея қўшимча қилади Тўрахўжаев.
Натижада суд тадбиркорни талончиликда айбдор деб топди. Судланувчининг адвокати «Озодлик»ка ҳукмдан норозилигини ва устидан шикоят қилишини айтган.
40 ёшли тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев Наманганда туғилган, бироқ сўнгги 20 йил давомида Россияда яшаб, фуқаролигини ўзгартирган. 2019 йилда Ўзбекистонга қайтиб, Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида Apart Hotel Cosmos меҳмонхонаси ва дам олиш маскани қурилишига 25 миллиард сўм сармоя киритган.
Мирзиёевнинг ўзи дам олиш маскани қурилиши ҳақида гапирди. У лойиҳани қўллаб-қувватлади ва ҳатто 2022 йилда тадбиркорни туризм соҳасини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун “Туризм фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирлаган. Ўша йилнинг охирида Тўрахўжаев “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик белгиси билан ҳам тақдирланди.
2023 йил 14 апрель куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги наманганлик йирик тадбиркордан икки миллион долларни ўғирлашни режалаштирган “жиноий гуруҳ” қўлга олингани ҳақида маълум қилди. Департамент жиноятчилардан бири Дилшод Тўрахўжаев эканини таъкидлаган.
Шарҳлар