Тошкент касалхонасида бемор аёл шифокорга қарата стул отди
6 ноябрь Юнусобод туманидаги 7-сонли касалхонага 22 ёшли фуқаро С.А. қабулхонанинг юз-жағ жарроҳлиги хонасига ютинишдаги оғриқлар, чайнашнинг қийинлиги, иккала томон жағ ости соҳасидаги шиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши шикоятлари билан мурожаат қилган. Фуқаро шифокор томонидан кўрилганда бурун-ҳалқум ва бодомсимон безлар гиперемиялашиши катталашгани, гиперемия бутун оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватига тарқалгани, икки томонлама жағ ости ва бўйин лимфа тугунлари симметрик катталашгани ҳамда тана ҳарорати 37,5 даражадан юқори эканлиги аниқланган.
Шифокор томонидан бемор вирус этиологияли ринофарингит ёки инфекцион мононуклеозга гумон қилиниб, вирусолог-мутахассис кўригига юборилган. Бундан эса у ва яқинлари норози бўлиб, шифокорга ўта қўпол муносабатда бўлган ва унга қарата стул отган. Шифокор зарбани камайтириш учун қўллари билан бошини ёпишга муваффақ бўлган, лекин стулнинг орқа томони унинг чап гипохондрига ва ошқозонига теккан.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан иш қўзғатилгани, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида Бош прокуратура хабар беради.
Шарҳлар