Тошкент ҳокими: «Тадбиркор мулкини бузиш, унга зарар етказиш ҳокимликнинг мақсади эмас»
Қонунчиликдаги ислоҳотларга қарамасдан, “жойларда ҳанузгача ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилмаларни қуриш, енгил қурилмаларни ўрнатиш, автобус бекатлари ўрнида ҳеч бир рухсатсиз савдо дўконларини қуриш каби салбий ҳолатлар кўплаб учрамоқда”. Бу ҳақда Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзининг тадбиркорларга мурожаатида билдирди, деб ёзади “Спутник” нашри.
«Бундай қурилмаларнинг аҳоли яшаш массивлари ичида, йўлнинг ҳимоя ҳудудларида, катта босим остида бўлган сув, газ қувурлари ўтказилган ҳимоя ҳудудларида барпо этилиши ҳолатлари аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигига, ташқи муҳандислик тармоқларини қисқа муддатларда таъмирлашга салбий таъсир қилмоқда», – дейди Ортиқхўжаев.
Бунинг устига сўнгги вақтларда ўзининг танишлари орқали ер олиб беришни ваъда қилаётган ёки турли сохта “қарорларни” кўрсатиб, кадастр ҳужжатини кейин ҳал қилиб беришга ишонтириб, ер сотиб олишни таклиф этаётган шахслар кўпайиб кетган.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, тадбиркор мулкини бузиш, унга зарар етказиш ҳокимликнинг мақсади эмас. Аммо амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерда қурилган бино ва иншоотларнинг мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди. Аксинча, ушбу ерни давлат захирасига қайтариш учун қурилган бинолар ҳеч қандай компенсация тўланмасдан бузилади ҳамда айбдор шахслар жазога тортилади.
Ҳоким тадбиркорлардан ўз бизнеси учун бино ёки ер участкасини сотиб олишдан олдин ваколатли органларнинг мутахассислари, малакали ҳуқуқшунослар ва адвокатлардан маслаҳат олишни илтимос қилган.
Бундан ташқари, ҳокимлик пойтахт аҳолиси ва депутатлардан ҳам ўзлари яшаётган ҳудудларда ноқонуний равишда ўрнатилаётган енгил қурилма дўконлар, фаст-фуд шохобчалари ва автобус бекатлари ўрнида қурилаётган дўконлар ҳақида ўз вақтида ваколатли идораларга хабар беришларини, атрофдаги воқеликларга бефарқ бўлмасликларини илтимос қилди.
Шарҳлар