Тошкент шаҳар ҳокимлиги Навоий кўчаси қай тарзда реконструкция қилиниши ҳақида маълумот берди
Навоий шоҳ кўчасида бошланган реконструкция қилиш ишлари маҳаллий ОАВ ва шаҳар аҳлининг танқидий фикрларига сабаб бўлди. Шу сабабли, таниқли урбанист ва транспорт мутахассиси Аркадий Гершман лойиҳа устида ишлаш учун таклиф қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар беради.
15 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Навоий шоҳ кўчасини реконструкция қилиш бўйича янгиланган лойиҳанинг муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Аркадий Гершман иштирокчиларга амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди, ҳамда устуворликлари кўплаб шаҳарларда қабул қилинган схема асосида белгиланган тақдимот билан чиқди. Ушбу схема аввало кўча ҳаракатининг энг заиф иштирокчилари – пиёдалар, иккинчи ўринда – жамоат транспорти ва учинчи ўриндагина – автомобилларнинг манфаатини кўзда тутади.
Аркадий Гершман «тактик урбанизм» воситалари ҳақида сўзлаб берди, хавфсизлик оролчаларини барпо этишда қўлланиладиган, вақтинча ўрнатиладиган пластик устунчаларни, пиёдалар ўтиш йўлларида куннинг қоронғу пайтида зарур бўлган ва ҳайдовчига яхшироқ кўринадиган контраст ёритишни мисол қилиб келтирди, ҳамда шаҳар шароитида ерусти пиёдалар ўтиш йўлларининг ерости ўтиш йўллари ва пиёдалар ўтиш кўприкларига нисбатан афзалликлари ҳақида маълумот берди.
Ҳокимлик қуйидагиларни билдирди:
- Пиёдалар учун хавфсизлик оролчалари ҳаракатланаётган тезкор хизмат автомобиллари учун тўсқинлик қилмайди, ахир ёнғин ўчириш ва тез тиббий ёрдам машиналари жамоат транспорти учун ажратилган чизиқлардан ҳаракатланиши мумкин.
- Фарғона йўли кўчасидаги пиёдалар ўтиши учун тор қисмлар, пиёдалар учун қулайлик яратиш нуқтаи назаридан, қайтадан кўриб чиқилади.
- Оқтепа майдонидаги ноқулай транспорт тугуни ўзгартирилади. Ҳозирги кунда тегишли тузилмалар томонидан майдонни реконструкция қилиш бўйича тўртта вариант кўриб чиқилмоқда.
- Автомобилларнинг автобуслар учун ажратилган чизиққа чиқиши жаримага тортилади, бу мақсадда фото- ва видеофиксация учун техник воситалар тайёрланмоқда.
Навоий шоҳ кўчасидаги мураккаб бурилиб қайтиш жойлари сабабли, Цирк яқинида ҳамда пиёдалар ўтиш жойларида машиналарнинг бурилиб қайтиши учун имкон яратилиши режалаштирилган.
Шарҳлар