Тошкент шаҳри Аҳмад Дониш кўчасида ер чўкиши факти бўйича жиноят иши қўзғатилди
Тошкент шаҳри Аҳмад Дониш кўчасида ер чўкиши факти бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ернинг чўкиши ҳодисаси олти ойдан илгари – март ойида содир бўлган. Ўшанда пойтахтнинг Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчаси бўйлаб ярим километрлик йўл ярим метрга чўкиб кетган эди. Шу сабабли, йўлда транспорт ҳаракатини чеклашга тўғри келди. Бу ҳақда “Новости Узбекистана” нашри Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизматига таяниб ёзади.
Тергов ўтказилиб, унда Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимлари иштирок этди. Маълум бўлишича, “Юнусобод-Туркистон” метрополитенининг ер ости иншоотларининг периметри ва ён қисмларининг сифатсиз тўлдирилиши ва ёмон зичланганлиги, шунингдек, автомобиль йўлининглойиҳа ишланмалари ва реконструкция ишларида техник назоратнинг йўқлиги сабабли тупроқ чўкиб кетган. Давлатга 4,5 миллиард сўм миқдорида зарар етказилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Республика транспорт прокуратураси томонидан “Тошкент метрополитени” қурилиш бошқармаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш Ягона инжиниринг компанияси масъул ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (“Мансабга совуққонлик билан қараш”) билан жиноят иши қўзғатилган.
Камчиликларни бартараф этиш билан масъул ташкилотлар шуғулланмоқда, дейилади хабарда.
Шарҳлар