Тошкент халқаро аэропорти назоратчиси пора билан қўлга тушди

Тошкент халқаро аэропортининг Авиация хавфсизлик хизмати қўриқлаш назоратчилар бўлинмаси назоратчиси А.Б. хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўзганинг ишончига кириб, унинг пул маблағини ноқонуний тарзда ўзлаштиришни режа қилади. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар беряпти.

«Дастлаб у ижтимоий тармоқ орқали жабрланувчи билан танишади ва унинг қариндошини Тошкент халқаро аэропортининг Авиация хавфсизлик хизмати қўриқлаш назоратчилар бўлинмасига назоратчи сифатида ишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилади. Лекин, жабрланувчи 1800 АҚШ доллари беришини маълум қилади», – дейилади хабарда.

2023 йилнинг 6 декабрь куни ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, А.Б. 1800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан А.Б.га нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси ва 28,211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан эса А.Б.га нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.