Тошкентда 58 та дарахт кесилди: зарар қарийб 800 млн сўмни ташкил қилди
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкентда дарахтлар кесиб ташлангани ҳақида хабар тарқалганди. Давлат экология қўмитаси ҳолат юзасидан текширув ўтказганида, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Чилонзор кўчасида “DREAM HOUSE STROY” номли МЧЖга тегишли ер майдонидаги жами 58 дона ҳар ҳил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар илдиз қисмлари билан биргаликда йўқ қилинганлиги аниқланди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.
Жорий йилнинг январь ойида Экология давлат қўмитаси инспекторлари томонидан ушбу ҳудуддаги 0,20 гектар майдондаги дарахтлар инвентаризациядан ўтказилган. Корхона дарахтларни сақлаб қолиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилган бўлса, МЧЖ ўз навбатида дарахт кесишга рухсат бермаслиги тўғрисида кафолат хатини тақдим этган.
Бироқ орадан бир ой ўтиб қурилиш компанияси Давлат хизматлари маркази орқали дарахтларни кесиш учун ариза берган, аммо рад жавобини олган. Шунга қарамай, компания дарахтларни кесиб ташлаган. Бу билан Тошкент шаҳри экологиясига 797,7 миллион сўмлик зарар етказилган.
Экология давлат қўмитаси томонидан корхонани 197-6-моддалари (Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, шунингдек унинг кўрсатмаларини бажармаслик) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-моддаси (Қонуний талабларга риоя қилмаслик ёки ҳокимият вакилининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) билан жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун ҳужжатлар тақдим этилган.
Тергов натижаларига кўра, қурилиш ташкилотининг мансабдор шахсларига нисбатан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми – экинлар, ўрмонлар, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларга зарар етказиш ёки нобуд қилиш айби билан жиноят иши қўзғатилган.
Шарҳлар