Тошкентда ака-ука Жарскийлар мозаикаси бўяб ташланди (тўлдирилди)

Источник: Tashkent Retrospective/Telegram

Тошкентнинг Катта Олмазор маҳалласида жойлашган 9 қаватли уйларнинг фасадларидаги ака-ука Жарскийларнинг мозаикаси бўяб ташланди. Бу ҳақда Tashkent Retrospective ҳамжамияти хабарида сўз боради.

«Ҳозирча иккита уй қисман бўялган. Бу нима мақсадда қилиняпти? Ким яна бу ўзбошимчаликни амалга оширяпти?».

Чилонзор тумани маъмуриятида ишлайдиган мансабдор шахсларнинг сўзларига кўра, маҳалладаги мазкур уйлар қурилганига 40 йилдан ошганлиги сабабли фасадлардаги мозаикалар ҳам таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Шу боис, 2022 йил 3-март санасидаги VI-57-50-14-0-K/22 сонли “Тошкент шаҳрида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш тўғрисида”ги Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган қарор асосида пудратчи ташкилот томонидан маҳалладаги 9 қаватли уйларнинг фасадларида таъмирлаш ишлари бошланган.

Лекин шу ерда яшовчиларнинг айримларида таъмирлаш ишларига эътироз бўлганлиги сабабли ҳозирда уйларнинг ён қисмидаги кафелли мозаикаларни бўяш ишлари тўхтатилган. Уйларнинг олд ва орқа қисмларидаги фасадларни таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.

17.46 да тўлдирилди. Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси томонидан 150 дан ортиқ бино фасадидаги тарихий-бадиий аҳамиятга эга мозаикалар аниқланиб, уларни давлат муҳофазасига олиш ишлари олиб борилмоқда.

Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши мозаикаларни маданий мерос рўйхатига киритишни режалаштирмоқда. Шундан сўнг санъат асарларига етказилган зарарни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаш чоралари кўрилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.