Тошкентда боғча директорининг ўғли 4 нафар қизчага тегажоғлик қилишда гумон қилинмоқда
«Газета.uz» нашрига бир қанча ота-оналар мурожаат қилиб, уларнинг фарзандларига Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 230-сонли мактабгача таълим ташкилоти директорининг 11- ёки 9-синфда ўқувчи ўғли тегажоғлик қилганини айтишган.
Уларнинг сўзларига кўра, воқеа 2 май куни тушдан кейин 6 ёшли болалар гуруҳи ухлашга кирганида содир бўлган ва гумонланувчи бола 4 нафар қизчага тегажоғлик қилган. Тўрт нафар қизчанинг бари бир хил кетма-кетликда — аввалига А. исмли қизчага, кейин Б. исмлига, кейин С. ва Д. исмли қизчаларга 15 ёшли йигит келиб тегингани, «уларнинг иштони ва ич кийимини ечиб, номақбул ҳаракатларни» амалга оширганини сўзлаб берган. «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда қизчалардан бири содир бўлган воқеани худди шундай тасвирлаб берди.
Дам олиш вақтида кузатилган ушбу ҳолатга бир неча бола гувоҳ бўлиб қолган. Ота-оналарнинг айтишича, «жабрланувчи қизлар кўпроқ ҳам бўлиши мумкин, лекин буни боладан бошқа ҳеч ким билмайди».
Директор юқоридаги айбловни рад этиб, «бунинг барчаси туҳмат эканини» таъкидлаган. Бироқ ўғлининг тарбияланувчилар ухлаётган хонага кирганини рад этмаган. Унинг сўзларига кўра, ўғли хонага 3:30 ларда кириб, 3:40 ларда чиқиб кетган, яъни ичкарида 10 дақиқа бўлган. Нима сабабдан у хонага киргани сўралганида эса она кичкина фарзандига овқат едириш учун ўша хонага борганини айтган.
Бошқа тарбияланувчиларнинг ота-оналари қизларга тегажоғлик қилиш ҳақиқатан ҳам бўлган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Пойтахт ИИББ ва Болалар омбудсманининг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур ҳолат назоратга олинган ва текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати 2 май куни Чилонзор тумани ИИБга 4 нафар фуқаро мурожаат қилганини тасдиқлади. Улар тўрт нафар (6 ёшли) қизга нисбатан қўли билан тананинг турли қисмларига тегиниб “уятсиз ҳаракатлар” қилган 2008 йилда туғилган X.Ш.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Хабарда Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 119-моддаси (ғайритабиий шаклда жинсий эҳтиросни мажбурлаб қондиришга уриниш) бўйича жиноят иши қўзғатилгани (ота-оналарнинг мурожаатидан икки кун ўтиб 4 май куни – таҳририят) ҳақида сўз боради.
Шарҳлар