Тошкентда иккинчи Инклюзив бизнес-форум бўлиб ўтади

Источник: Дана Опарина/anhor.uz

Жорий йилнинг 27 апрель куни Тошкент шаҳридаги Panarams меҳмонхонасида гибрид форматдаги Иккинчи “Инклюзив бизнес-форум” бўлиб ўтади. Тадбирда иштирок этиш учун ногиронлиги бўлган шахсларнинг инклюзив меҳнат масалаларига бефарқ бўлмаган маҳаллий бизнес ва ижтимоий соҳа вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари таклиф этилади.

Форум Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ижтимоий буюртмаси асосида Тошкент шаҳар “ШАРОИТ ПЛЮС” ногиронлар жамоат бирлашмаси томонидан www.ishplus.uz махсус рекрутинг веб-портали орқали ногиронлиги бўлган шахсларни очиқ меҳнат бозорида муносиб иш билан таъминлаш” лойиҳаси доирасида ўтказилади.

«Мен Ўзбекистон Миллий университетида “Ижтимоий иш” йўналишининг иккинчи курс талабасиман. Ёшим 20 да. Шу пайтгача кўплаб ижтимоий лойиҳаларда иштирок этганман ва www.ishplus.uz веб-портали орқали ҳозирги иш лавозимимга эга бўлганман. Айни дамда мен “IMKON WATER” компаниясида оператор лавозимида фаолият олиб бормоқдаман», — дейди ногиронлиги бўлган иш изловчи Мадина Пўлатова.

Форум 4 йирик мавзудаги сессия муҳокамаларини ўз ичига олади:

  • ногиронлиги бўлган шахсларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасига ҳамда халқаро ташкилотларга ишга киритиш: амалий тажриба ва муваффақиятли ҳикоялар;
  • Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш: субсидия ва имтиёзлар
  • ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришда иш берувчилар олдида қандай мажбуриятлар бор?
  • мамлакатимизда инклюзив бизнес амалиётларини ривожлантириш учун қандай имкониятлар ва тўсиқлар мавжуд?

«Барча ходимларнинг эҳтиёжларини инобатга оладиган ва улариннг ижтимоий келиб чиқиши ва жисмоний ҳолатидан қатъи назар уларга ҳам барча қатори  ўз салоҳиятларини тўлиқ амалга оширишга имкон берадиган инклюзив иш жойларини яратиш бизнеслар учун рақобатбардош бўлишга ва муваффақиятга эришишга ёрдам беради», — дейди форум амбассадори “CARE CSR” консалтинг компанияси асосчиси ва директори Малика Шарипова.

Форумда ўз нутқи билан Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари, Тошкент шаҳар “ШАРОИТ ПЛЮС” ногиронлар жамоат бирлашмаси раиси Муҳаббат Раҳимова, Британия Кенгаши, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, шунингдек, йирик, ўрта ва кичик маҳаллий компанияларнинг раҳбарлари ва кадрлар бўлими мутахассислари иштирок этади.

Иштирок этиш бепул — оффлайн иштирок учун жойлар сони чекланган бўлиб олдиндан рўйхатдан ўтишни тавсия этамиз. Сиз онлайн тарзда Zoom иловаси орқали ҳам иштирок этишингиз мумкин. Жонли эфирни ташкилотимизнинг YouTube каналида ёки forum.ishplus.uz сайтида ҳам томоша қилиш имкониятингиз бўлади.

Ўтказилиш санаси: 27 апрель 2023 йил

Тадбир бошланиш вақти: 10:00 (Рўйхатга олиш 9:30 да бошланади)

Манзил: “Panarams” меҳмонхонаси

Қўшимча маълумотларни [email protected] электрон манзилига ёзиш ёки + 998 (90) 818−07−08 телефон рақами орқали олиш мумкин. Боғланиш учун масъул шахс – Дурдона Шавкатова: +998 (94) 607-66-20, телеграм орқали: @Durdona_shavkatova00

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.