Тошкентда Инсон тараққиёти индекси жорий этилади
31 январь куни Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Давлат раҳбарининг матбуот хизмати қайд этишича, дунёда Инсон тараққиёти индекси кенг қўлланилиб, унда аҳолининг ҳаёт сифати, саводхонлик даражаси ва умри давомийлиги қиёсий баҳоланади.
«Бу давлатимиз раҳбари илгари сурган “инсон қадрини улуғлаш” ғояси билан ҳамоҳанг. Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида Инсон қадри индексини жорий этиш бўйича таклиф тайёрланган. Бунинг учун Чилонзор, Учтепа, Сергели ва Юнусобод туманларидан биттадан маҳалла танлаб олиниб, аҳоли ўртасида 56 хил масала бўйича сўровнома ўтказилган. Бу орқали маҳаллада қайси соҳа оқсаётгани, одамларда нималарга талаб борлиги аниқланган», – дейилади хабарда.
Тақдимотда шундай таҳлилни синов тариқасида пойтахт маҳаллалари кесимида йўлга қўйиш, унинг натижаларига қараб, муайян ҳудудга эътиборни кучайтириш таклифи билдирилди.
«Бунинг мезонлари қандай бўлади? Олти ой ёки йил якунида нимага эришилади? Шунинг учун илмий асосланган тизим керак. Шаҳар ҳокимлигида Ситуацион марказга ўхшаш таҳлил маркази ташкил қилиш, дастурий маҳсулот яратиш зарур. Маҳаллабай ишлаш осон эмас, зиммамизга катта масъулият олаяпмиз. Бу тизим қайси маҳаллага, қайси кўчага биринчи бўлиб киришни кўрсатиб бериши керак. Ҳамма ишларни жамоатчилик билан маслаҳатлашиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқлаб, тартиб билан бажариш зарур», – деди Шавкат Мирзиёев.
Индекс лойиҳасини мутахассислар билан муҳокама қилиб, ҳар томонлама такомиллаштириш, сектор раҳбарларига бу тизимни ўргатиш бўйича тавсиялар берилди.
Шарҳлар