Тошкентда янги кўприклар очилди

Источник: president.uz

Тошкент шаҳрида янги йўл ва кўприклар очилди. Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни ушбу транспорт иншоотини бориб кўрди.

Унинг қурилиши 2020 йил августда бошланган эди. Лойиҳа доирасида 6,5 километр узунликдаги 6 тасмали автомобиль йўли, 6 та кўприк қурилди. Бу орқали Сергели туманидаги Қипчоқ кўчаси Яккасарой туманидаги Чўпонота ва Усмон Носир кўчалари билан самарали боғланди.

Шу пайтгача Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл – Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланар эди. Соатига 4 мингта автотранспорт қатновига мўлжалланган бу йўлда аслида юклама бундан катта, шу боис эрталаб ва кечки пайтларда жуда тирбанд бўларди.

«Янги қурилган йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга. Бу тирбандлик муаммосини бартараф этиб, пойтахт аҳолисига жуда катта қулайлик яратади. Кўприклар, уларга чиқиш-тушиш қисмлари оқилона лойиҳалаштирилиб, мавжуд йўлларга светофорсиз уланган. Натижада автотранспортлар бошқа йўллардаги қатновга тўхтовсиз, қулай тарзда қўшилиб кетиши мумкин».

Йўл бўйларига энергия тежамкор ёритгичлар, узум ишкомлари ўрнатилган. Бўш майдонлар кўкаламзорлаштирилиб, пиёдалар йўлаги ва велойўлакчалар ташкил этилган.

Бугун очилган йўлни давом эттириб, Сергели туманини айланиб ўтувчи ҳалқа йўлигача 6 километрлик йўл барпо этиш лойиҳаси маъқулланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.