Тошкентда ярим кун ичида 802 кг дан ортиқ чиқинди тўпланди

Фото: Министерство экологии, охраны окружающей среды и изменения климата Республики Узбекистан

16 сентябрь куни республика ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида “Бутунжаҳон тозалик куни” тадбирлари ўтказилди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази, Ўзбекистон Волонтёрлари ассоциацияси, Саноат-қурилиш банки ва “Coca-Cola” компанияси томонидан ташкил этилган тадбирлар “UzPlogging” эко-югуриш акцияси, “Clean games” — Евроосиё тозалик кубоги мусобақаси билан бошланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар беради.

“Евроосиё тозалик кубоги мусобақаси  Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда. Бу ўйинлар Экология вазирлиги билан ҳамкорликда нафақат Тошкентда, балки Тошкент вилоятида ҳам бўлиб ўди, — дейди Ўзбекистон Волонтёрлар ассоциацияси директори Ширин Абидова. — “Clean games” — халқаро платформа. Юртимизда бу ўйин аввал кўнгиллилар ўртасида ўтказилган. Лекин расман халқаро меморандум асосида илк бор муҳим қадамни қўйдик ва энди “Евроосиё тозалик кубоги” Ўзбекистонда ҳам ўтказилмоқда. Мусобақа, шунингдек, параллел равишда Бухорода, бир ҳафта ичида Сирдарё вилояти, Самарқанд ва бошқа вилоятларда ҳам ташкил этилади”.

“Clean games” ўйинларида 100 дан ортиқ иштирокчи қатнашиб, жами 118, 8 қоп чиқинди йиғилди. Шулардан:
— аралаш чиқиндилар 81,5 қоп;
— пластик чиқинди 7,8 қоп;
— шиша чиқинди 24 қоп,
— металл чиқинди 5,5 қопни ташкил қилди.

Йиғилган чиқиндилар жами 802,25 килограммга тенг бўлди. Иштирокчиларга қайта ишланган пластик чиқиндилардан тайёрланган махсус медаллар топширилди.

Тадбир давомида, шунингдек, қайта ишланган чиқиндилардан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, болалар иштирокида расм чизиш танлови ва бошқа тадбирлар ҳам бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, соҳада узоқ йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган фахрий ва фидоий ходимлар “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. “Бутунжаҳон тозалик куни” муносабати билан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида тадбирлар ташкил этилди.

Маълумот учун, “Бутунжаҳон тозалик куни” юртимизда анъанавий тарзда ҳар йили сентябрь ойининг учинчи шанбасида ўтказиб келинади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.