Тошкентда Марказий Осиё диабетологик форуми ўтказилади

1 ноябрь куни Ўзбекистон эндокринологлари миллий уюшмаси томонидан ташкил қилинган “Диабет: мониторингдан бошқарувга” мавзусида Марказий Осиё диабетологик форуми ўтказилади. Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирликларининг вакиллари, етакчи экспертлар ҳамда Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан ташриф буюрадиган бошқа иштирокчилар глобал диабет муаммоларини ва уларни ҳал қилишнинг эҳтимолий йўлларини муҳокама қилади.

Бугунги кунда қандли диабетга чалинган кишилар сони бутун дунё бўйлаб 463 млн кишидан ошган. Шу билан бирга, ушбу касалликка эга ҳар иккинчи кишига расмий ташҳис қўйилмаган. Ушбу муаммонинг тиббий-ижтимоий аҳамиятини ва долзарблигини инобатга олган ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қандли диабетни XXI аср эпидемияси деб эълон қилди.

Мазкур форумнинг асосий мақсади  касалликни даволаш ва унга ташҳис қўйиш методикасини ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва бунга замонавий ёндашиш, турли мамлакатларнинг ушбу соҳадаги етакчи экспертлари ва мутахассислари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда келгусида ушбу касаллик терапияси мақсадларига эришишда  беморлар ва шифокорларга кўмаклашувчи ягона диабетологик ҳамжамиятни ташкил қилишдан иборат.

«Бугунги форум Марказий Осий мамлакатлари соғлиқни сақлаш соҳасида муҳим воқеа ҳисобланади. Қандли диабет каби касаллик нафақат тиббий, балки ижтимоий муаммо экани маълум. Унинг ҳал этилиши аҳолининг соғлом турмуш тарзи ҳақидаги хабардорлигини оширишни, овқатланишни тўғри ташкиллаштиришни, ўртача жисмоний фаоллик ва мунтазам профилактика кўрикларини талаб қилади. Бундан ташқари, беморлар ва аҳолини терапиядан ўтиш учун ва касалликка ташҳис қўйиш учун зарур препаратлар билан таъминлаш ҳам муҳим масала ҳисобланади… Биз бирлашган ҳолда Марказий Осиё тиббиёт ҳамжамияти учун ҳам, беморлар учун ҳам шароитларни яхшилашимиз мумкин», – дейди эндокринология РИИАТМ директори вазифасини бажарувчи, бош шифокор, тиббиёт фанлари доктори, профессор ва олий тоифали шифокор Феруза Ҳайдарова.

Форум доирасида минтақанинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган спикерлар иштирокида турли йўналишлар бўйича учта сессия ўтказилади. Ьиринчи сессия чоғида экспертлар қандли диабетга чалинган беморлар орасидаги с Covid-19 билан боғлиқ вазиятни ҳамда пандемиянинг касаллик ривожига таъсирини муҳокама қилади.

Иккинчи ва учинчи сессия доирасида экспертлар инновацион инсулинотерапиядан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилади, қандли диабетни даволаш бўйича ҳозирги тавсиялар ҳақида гапиради.

Форумнинг якуний сессияси баҳс-мунозара форматида ўтказилади, унда қандли диабетни даволаш бўйича қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва маҳаллийлаштириш масалалари ҳамда инновацион терапиядан фойдаланиш учун тўсиқларни бартараф этиш мақсадида ҳамкорлик ва шериклик учун шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинади.

Форум  Ўзбекистонда диабет билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича кейинги қадамларни белгилаб берувчи резолюцияни имзолаш билан якунланади.

Тадбир санаси ва бошланиш вақти: 1 ноябрь, 9.00

Тадбир ўтказиладиган жой: Тошкент ш., «Люмьер» меҳмонхонаси – Яккасарой тумани, Шота Руставели 1-тор кўчаси, 6

Мавзу бўйича ўқинг:

Қимматга тушадиган арзон инсулин. Контрабанда таҳдиди ҳақида

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.