Тошкентда уч нафар фуқаро мактаб ўқувчисига нисбатан жинсий характердаги жиноятни содир этишда гумон қилинмоқда
Nemolchi.uz ресурсида Миробод туманида вояга етмаган қизга нисбатан содир этилган жиноят ҳақида хабар эълон қилинди. Лойиҳа маълумотларига кўра, баҳорда физкультура ўқитувчиси иккита таниши билан 14 ёшли мактаб ўқувчисини зўрлаган. Қизнинг онаси 28 апрелда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза берган, экспертиза эса 3 майда ўтказилган.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати берган маълумотга кўра, “икки нафар гумонланувчилар жавобгарликдан қутулиб қолганликлари ҳақидаги хабар ҳақиқатдан йироқ”.
«Миробод тумани ИИО ФМБга келиб тушган хабарга кўра, 2021 йил 27 апрел куни ўрта мактаб 8 синф ўқувчиси 2006 йилда туғилган вояга етмаган қизга нисбатан дастлаб 1991 йилда туғилган Анвар Х. томонидан, кейинчалик унинг икки нафар таниши – Мансуржон М. ва Боймуҳаммедов Г. томонидан жинсий турдаги жиноят содир этилгани тўғʼрисида хабар келиб тушди».
Мазкур ҳолат бўйича 2021 йил 30 апрель куни гумонланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128 моддаси (“Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилди. 5 май куни Анвар Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128 моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айблов тақдим этилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Мансуржон М. ва Боймуҳаммад Г.лар терговдан яширинганликлари сабабли жорий йилнинг 20 май куни жиноят ишининг уларга нисбатан қўзғатилган қисми алоҳида юритиладиган бўлди. Анвар Х.га нисбатан қўзғатилган иш бўйича тўпланган ҳужжатлар Миробод тумани жиноят ишлари бўйича судига йўналтирилди.
1 июнь куни иккала фуқаролар ҳам қўлга олиниб, гумонланувчилар тариқасида жиноят ишига жалб қилиндилар.
«Жорий йилнинг 30 июнь куни Мансуржон М. ва Боймуҳаммад Г.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128 моддаси бўйича айблов тақдим этилди».
ИИББнинг қайд этишича, шу куннинг ўзида дастлабки тергов якунланиб, жиноят иши судга оширилган.
«Тергов органи томонидан айбланувчиларнинг айбини исботловчи барча далиллар тўпланди, якуни баҳо суд томонидан берилади», – дейилади хабарда.
Nemolchi.uz лойиҳаси гуруҳли зўрлаш содир этилганини қайд этади.
Шарҳлар