Тошкентнинг 11 та туманида энергияни параллел ишлаб чиқарувчи ускуналар ўрнатилади

Источник: Farhodjon Chinberdiev/unsplash.com

Вазирлар Маҳкамасининг 20 январь куни «Тошкент шаҳри аҳолисини қўшимча иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш мақсадида тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тезкор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат Шавкат Мирзиёевнинг Учтепа туманига ташрифи чоғида берган топшириқлари ижроси юзасидан қабул қилингани қайд этилади, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

Қарорга кўра, 11 та тумандаги иссиқлик тармоқларининг сўнгги қисмларида жойлашган кўп квартирали уй-жойларни иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш мақсадида тажриба тариқасида когенерация ҳамда газ двигатели билан электр энергия ишлаб чиқарувчи ускуналар ўрнатилади.

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали бир ҳафта муддатда ускуналарни ишлаб чиқарувчи корхоналар билан алоқа ўрнатилиб, тайёр ускуналарни қисқа муддатларда етказиб бериш ҳамда ўрнатиш, шу жумладан, техник таъминлаш бўйича тижорат таклифлари тайёрланади.

Ускуналарни харид қилиш ва ишга тушириш ҳамда заруратга кўра кўп квартирали уйларнинг ички ва ускуналаргача бўлган иссиқлик тармоқлари ва электр тизимини янгилаш (куриш ёки реконструкция қилиш) ишларини амалга оширишда буюртмачи этиб «Иссиқлик электр станциялари» АЖ белгиланди.

Буюртмачига, истисно тариқасида, тендер савдоларини ҳамда Иктисодиёт ва Молия вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда экспертизадан ўтказмасдан ва давлат харидларини амалга ошириш тўғрисида махсус ахборот порталига эълон жойлаштирмасдан энг яхши таклифни танлаб олиш асосида: ускуналарни харид қилишга; ускуналарни ўрнатиш ва ишга тушириш ҳамда заруратга кўра кўп квартирали уйларнинг ички ва ускуналаргача бўлган иссиқлик тармоқлари ва электр тизимини янгилаш (қуриш ёки реконструкция қилиш) ишларини амалга ошириш учун пудратчиларни аниқлашга рухсат берилди.

Ускуналарни харид қилиш Тошкент шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади.

Ускуналар ўрнатиш учун 11 та маҳалла танлаб олинган бўлиб, улардаги 236 та уй, 5 та мактаб ва 13 та болалар боғчаси қўшимча иссиқлик ва электр энергияси билан таъминланади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.