Тошкентнинг ирригация-дренаж тизимини таъмирлаш учун 700 млн сўм ажратилади

Канализация ва дренаж тизимини таъмирлаш, янги бетон лотоклар ётқизиш учун пойтахт бюджетининг захира фондидан 700 млн сўм миқдорида маблағ йўналтирилади. Тегишли қарор 7 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқов томонидан имзоланган, деб ёзади Kun.uz.

Юқоридаги чора-тадбирлар ёмғир пайтида сув тошқини олдини олиш учун амалга оширилади. Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқов кўчаларни сув босиши муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Янги автобуслардан бирида маъмурият раҳбари ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг ўринбосари Бекмурод Абдуллаев пойтахт кўчаларини кезди. Интернетда чоп этилган қисқа видеода ҳоким в.б. Умурзоқовнинг айтишича, бекатлар тез орада тартибга солинади, уларнинг олдида кўлмаклар бўлмайди. “Озгина сабр қилинглар”, деганди у.

Куни кеча икки соатлик ёмғир бутун шаҳар бўйлаб канализация-дренаж тизимида коллапсга олиб келди. Шаҳар ҳокимлиги буни Тошкент шаҳридаги мавжуд дренаж тармоқлари кучли ёмғирга бардош бера олмаслиги билан изоҳлади.

2019 йилда пойтахт ҳокимлиги ирригация-дренаж тизимини таъмирлаш учун 500 миллиард сўм талаб қилингани ҳақида маълум қилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.