Тошкентнинг Яшнабод туманида 500 дан ортиқ мевали дарахт ёниб кетди

Источник: Расул Кушербаев

7 сентябрь куни Тошкентнинг Яшнобод туманида 500 дан ортиқ мевали дарахт ёниб кетди. Депутат Расул Кушербоевнинг сўзларига кўра, ҳодиса “Янги Ўзбекистон” истироҳат боғи рўпарасида содир бўлган, деб ёзади “Газета” нашри.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилишича, Musamuxamedova-Djurayeva Dilfuza фермер хўжалиги ҳудудидаги жами 531 туп дарахт, жумладан, 2 туп ёнғоқ, 446 туп олхўри ва 83 туп терак нобуд бўлган. Уларнинг баъзилари кейинчалик кесиб ташланган. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар 134,9 млн сўмни ташкил этади.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, ёнғинга қуруқ ўтга ташланган ўчирилмаган сигарет қолдиғи сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 1-қисми (Оловга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш натижасида экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.