Тожикистонлик ҳарбий хизматчиларни Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқитиш бўйича икки мамлакат ўртасида шартнома имзоланди

Шерали Мирзо и Баходир Курбанов. Источник: Минобороны РУз

Тожикистон Мудофаа вазирлиги делегацияси расмий ташриф билан Тошкентга келди. 9 август куни Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди, деб ёзади «Азия Плюс» нашри Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига таянган ҳолда.

Учрашувда вазирлар икки давлат ўртасида “нафақат сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда, балки мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳам ҳамкорлик масалалари мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини” таъкидлади. Баҳодир Қурбонов келгусида уларнинг кўлами янада кенгайишига ишонч билдирди.

Музокаралар якунлари бўйича тожикистонлик ҳарбий хизматчиларни Ўзбекистондаги ҳарбий олий ўқув юртларида ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча шартнома имзоланди.

Шундан сўнг Тожикистон делегациясининг Ўзбекистон Миллий мудофаани бошқариш марказига танишув ташрифи ташкил қилинди.

Айни пайтда Термиз шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг «Ҳамдўстлик-2022» қўшма ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда «АрМИ-2022» VIII Халқаро армия ўйинлари бўлиб ўтади, унинг иштирокчилари мамлакатимизга келишмоқда.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунга келиб Россия, Вьетнам, Беларусь ва Тожикистон вакиллари мусобақа ўтказиладиган жойга, яъни  Марказий ҳарбий округ ҳудудида жойлашган «Фориш» полигонига етиб келган.

Мусобақа иштирокчилари иқлимга, маҳаллий об-ҳаво ва табиий шароитларга мослашганидан сўнг ўзларига бириктирилган ҳарбий техникаларни олди ва қизғин машғулотларга киришди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.