Трамвай ва троллейбусда хизмат кўрсатиш сифат жиҳатдан яхшиланади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Трамвай ва троллейбус транспортида йўловчиларни ташиш тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
«Унга кўра, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида трамвай ҳамда троллейбусда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланади, йўловчиларни ташишда замонавий ахборот технологиялар жорий этилади», – дейилади хабарда.
Қарорда трамвай ва троллейбус транспорти фаолияти самарадорлигини ошириш ва унинг тизимини ривожлантиришнинг устувор йуналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
жамоат транспорти инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда ҳаракат таркибини босқичма-босқич янгилаш;
илгор хорижий тажриба асосида замонавий шаҳар жамоат транспортини бошқариш тизимларини такомиллаштириш;
республикада “яшил транспорт” тизими улушини кўпайтириш орқали самарали ва экологик тоза транспорт турларига босқичма-босқич ўтиш;
ривожланган давлатлар ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, жараёнларни рақамли бошқариш тизимини жорий этиш;
соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг малака ва кўникмасини ошириш бўйича етакчи хорижий таълим ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
замонавий билимга эга профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш орқали соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш.
2024 йил 1 январдан бошлаб трамвай ҳамда троллейбусда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади.
Шунингдек, Транспорт вазирлиги бир ой муддатда вазирлик марказий аппаратида белгиланган штат бирлиги доирасида трамвай ва троллейбус транспортини ўз ичига олган “яшил транспорт”ни ривожлантириш учун масъул бўлган бўлинма ташкил этади.
Шарҳлар