Кохлеар имплантация операцияси қандай беморларда бепул ўтказилади
Кохлеар имплантация операциялари икки томонлама сенсонервал эшитиш пастлигининг 3-4-даражалари қайд этилган ёки карлик мавжуд шахсларнинг эшитиш қобилиятини ички қулоққа стимул бериш орқали тиклаш мақсадида ўтказилади, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.
Бемор болалар учун операция ва yндан кейинги реабилитация тадбирлари бепул амалга оширилади ва операция бемор бола 5 ёшга тўлгунга қадар ўтказилганда кўпроқ ижобий натижа беради. Шу сабабли бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган имплантатлардан самарали фойдаланиш мақсадида улар болаларга 5 ёшга тўлгунга қадар бепул ажратилади.
“Ёшидан қатъи назар, менингит касаллиги натижасида эшитиш қобилиятини йўқотган бемор болаларда 6 ой ичида кохлеар имплантация операцияси ўтказилади ва уларга ҳам имплантатлар бепул тақдим этилади”,- дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Абдуманноп Абдуқаюмов.
Оилада икки ёки ундан ортиқ 5 ёшга тўлмаган бемор бола бўлганда, кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирлари самарадорлигини таъминлаш мақсадида имплантат бир календарь йилда улардан фақат биттасига бепул тақдим этилади.
18 ёшдан катта бўлган фуқаролар, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларда кохлеар имплантация ва ундан кейинги реабилитация тадбирлари муассасалар томонидан ўрнатилган тартибда пуллик асосда ўтказилади.
Шарҳлар