Туман халқ таълими бўлимлари мактаблар фаолиятини текширишни тўхтатади

Министр дошкольного и школьного образования, Хилола Умарова на презентации. Источник: president.uz

Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимларининг мактаблар фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш ваколатлари тугатилади. Президент Шавкат Мирзиёев 22 май куни мактабгача таълим ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, дея хабар беради унинг матбуот хизмати.

Хусусий мактабларни ташкил қилишда қўйилган талаблар енгиллаштирилади.

Мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида педагогларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади. Яъни, ишга кираётган педагог 1 йил давомида ўқитувчи-стажёр сифатида фаолият юритиб, шу муддатда сертификат олиши керак бўлади.

Ўқитувчиларга малака тоифасини бериш бўйича синовлар 2 босқичда ташкил этилади. Биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани бўйича билими, иккинчисида педагогик маҳорати баҳоланади. Малака сертификати олган педагогларнинг ойлик маошига 70 фоизгача миқдорида устама тўланиши мумкин.

Шунингдек, боғчаларга малакали тарбиячиларни жалб қилиш учун 2024 йил 1 июндан уларнинг иш ҳақи ставкалари мактаб ўқитувчилариникига тенглаштирилади.

Умумтаълим мактабларига бюджетдан ташқари маблағлардан эркин фойдаланиш ҳуқуқи берилгани уларнинг моддий аҳволини яхшилаш ҳамда ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўлаш имконини бермоқда. Энди бу тартибни боғча ва ихтисослашган мактаблар учун ҳам қўллаш мўлжалланмоқда.

Малакали раҳбарлар муҳитини шакллантириш мақсадида ҳудудларда энг тажрибали директорлардан иборат “Директорлар кенгаши” ташкил этилади. Энди мактаб директорлари лавозимга мазкур кенгаш тавсияси билан очиқ танлов асосида тайинланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.