Туман сабабли Ўзбекистондаги иккита аэропорт ўз фаолиятини чеклади
Бугун эрталаб Наманган ва Андижон аэропортларида кўриш ёмонлиги сабабли самолётлар учолмаган ва қўнолмаган. Кучли туман сабаб (кўриш даражаси – 50 метрга яқин) Қозондан учиб келган “Урал” авиакомпаниясининг SVR2161 рейси соат 08:48 да Наманганда қўнолмади ва Тошкентдаги захира аэродромга учиб кетди, дея хабар беради Uzbekistan Airports компанияси.
Яна бир HY9620 рейси ҳам об-ҳаво шароитлари сабабли Наманганда қўнолмади ва Фарғонадаги захира аэродромга учиб кетган.
Худди шундай вазият Андижон аэропортида ҳам кузатилган. Москвадан учиб келган Uzbekistan Airways компаниясининг HY-622/621 рейси 10:45 да қўнолмасдан Фарғонадаги захира аэродромга учиб кетишга мажбур бўлган.
Метеорология хизматининг маълумотларига кўра, ушбу аэропортлар соат тахминан 14:00 гача об-ҳаво шароитлари муносабати билан ёпиқ бўлади. Барча рейслар яқин захира аэродромларга йўналтирилади.
Шарҳлар