Туркия президенти Шавкат Мирзиёевга электромобиль юборишини билдирди
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған рафиқаси билан мамлакатда ишлаб чиқарилган Togg Т10Х миллий электромобилининг биринчи эгаси бўлди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри “TRT Heber” нашрига таянган ҳолда ёзади.
Анқарадаги президент мажмуида ўтказилган тантанали маросимда Эрдоған Togg электромобили мамлакатнинг технологик ва иқтисодий тараққиёти ҳамда жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборининг рамзи сифатида яратилганини таъкидлади. «Бугундан бошлаб биз Togg`ни йўлларда кўрамиз», — дея қўшимча қилди президент.
Шунингдек, тадбирда президентнинг рафиқаси Эмине Эрдоған ҳам қатнашди, унда қизил ва кўк рангли машиналар тақдим этилди. Эрдоған кўк автомобилда юришини билдирди.
Журналистлар билан мулоқот давомида Туркия раҳбари машина Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга ҳам етказиб берилишини ва унинг ранги қизил эканини айтди. Шунингдек, автомобиль Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам боришини, учрашув кутилаётганини қўшимча қилди.
Октябрь ойида биринчи турк электромобилини ишлаб чиқарувчи заводнинг очилиш маросими бўлиб ўтганди. Модель иккита версияда ишлаб чиқарилади – седан ва йўлтанламас. Ҳозирча фақат қуръа ғолиблари автомобиль сотиб олиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлиб, унда иштирок этиш учун 60 000 лира (3 000 доллардан бир оз кўпроқ) миқдорида гаров тақдим этиш керак.
160 киловаттли, бир қувватланишда 314 километр масофани босиб ўтоладиган Togg электрокарининг энг арзон модели 953 минг лира (50 минг доллардан ортиқ), кучлироқлари 1,215 миллион турк лираси (63 минг доллар)га баҳоланмоқда. Биринчи етказиб бериш июль ойига режалаштирилган. Ҳозиргача унга 177 мингта олдиндан буюртма олинган.
Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, Туркия бўйлаб 2000 дан ортиқ электр транспорт воситаларини зарядловчи станциялар ўрнатилган.
Шарҳлар