Туркия ва Хитой компаниялари Тошкент ва Сирдарё вилоятларида электр узатиш тармоқларини барпо этади
Энергетика вазирлиги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан Тошкент ва Сирдарё вилоятларида юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича ўтказилган халқаро тендер савдолари якунланиб, ғолиб компаниялар аниқлангани ҳақида хабар беради.
Унга кўра, Туркиянинг “ŞA-RA ENERJĪ Īnşaat, Ticaret ve Sanayi A.Ş.” компанияси 31,89 млн АҚШ доллари миқдоридаги таклиф этилган нарх билан узунлиги 213 км бўлган 220 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича ғолиб ва Хитой Халқ Республикасининг “Xian Electric Engineering Co., Ltd” компанияси 14,68 млн АҚШ доллари миқдоридаги таклиф этилган нарх билан узунлиги 72 км бўлган 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича ғолиб деб топилди.
Ғолиб компаниялар билан музокаралар ўтказилиб, 2022 йил 23 декабрь куни шартномалар имзоланди. Лойиҳа Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган бўлиб 2022 – 2024 йилларда амалга оширилиши белгиланган.
«Лойиҳа Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг электр энергияси таъминоти ишончлилиги оширилишига, энерготизимнинг Тошкент қисмида магистрал электр тармоқлари юкламаларини камайишига ва уларнинг ўтказувчанлик қобилиятини келгусидаги талабларга мос ҳолда бўлишига хизмат қилади», – дея қайд этади Энергетика вазирлиги.
Шарҳлар