«Уч киши учун кунига бир бутилка сув»: Тошкентда ковид касалхоналаридаги беморларга сув харид қилиш учун маблағ тўпланмоқда
Зангиота №1 ва Зангиота №2 COVID-марказларида ичимлик сувининг жиддий етишмовчилиги кузатилмоқда. Волонтёрлар беморларни сув билан таъминлаш учун маблағ тўплашни ташкил қилишди. Бу ҳақда фаоллардан бири Виктор Друккер ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифисида маълум қилади.
Зангиотадаги ковид-касалхоналарга ичимлик суви харид қилиш учун ижтимоий тармоқларда маблағ тўплаш ишларини РМР Клубининг аъзолари – Ўзбекистон-Япония марказининг битирувчилари ташкил қилган.
«Ҳозирча вазият қуйидагича: бир бутилка сув кунига уч кишига тўғри келмоқда. Бу вазият қай даражада яхшиланишини вақт кўрсатади. Ҳаммаси бизнинг қатнашиш ҳақидаги чақириқларимиз қанчалик фаол тарқалишига боғлиқ. Сув муаммоси “Ўзэкспомарказ”, “Ёшлик” ва “Универсал” тақсимлаш марказларида ҳам кучайган… Шунингдек, биздан ташқари бундай фаолликни Тошкент ПТИ талабалари ҳам кўрсатмоқда», – деб ёзади ўз саҳифасида Виктор Друккер.
Унинг сўзларига кўра, ҳар куни 300 блок сув юбориш учун тўрт миллион сўмга яқин маблағ керак бўлади.
«Ўртача оғирликдаги ва оғир касалларнинг кўпчилиги Зангиота-1 ва Зангиота-2 касалхоналарига юборилади. Уларнинг ҳаммасида ҳам қариндошлар бор эмас. Айримлар касалхонага бутун оиласи билан тушган… Агар олимлар, вирусологлар, “олдинги линияда” турган шифокорлар ва беморларни парвариш қилаётган тиббий ходимлар вирусни енгишга чақирилган “армия” бўлса, унда Зангиотага тушган беморларнинг энг зарур муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бериш бизнинг қўлларимизда. Бу сув муаммоси. Оддий ичимлик суви… У фавқулодда тарзда етишмаяпти. Мавжуд сув – қаттиқ, биз уни кундалик ҳаётда “крандан олинган сув” деймиз, уни қайнатишга улгуришмаяпти. Қайнатилмаган ва ишлов берилмаган сув заифлашган организмга зарар етказади, акс ҳолда биз нега қадоқланган фильтрланган сувни харид қилардик», – дея маълум қилади волонтёр.
Шарҳлар