Қуёш ва шамол электр станцияларининг хариди қисман қоплаб берилади

Источник: unsplash.com

Президент “Энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Фармонни имзолади. Бу ҳақда “Норма” нашри ёзади.

Унга кўра, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • жисмоний шахслар мамлакатда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станциялари ва қуёш сув иситгичларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олишлари мумкин;
  • шунга ўхшаш қурилмаларни ўрнатган ва уларнинг қийматини тўлиқ тўлаган шахсларнинг харажатларининг бир қисми Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Компенсация миқдори қурилманинг қувватидан келиб чиққан ҳолда БҲМнинг 5 бараваридан 50 бараварини ташкил этади. Ушбу мақсадлар учун 2022 йил якунига қадар давлат бюджетидан ушбу Жамғармага 100 млрд сўм йўналтириш топширилган.
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан, шунингдек маҳаллий чакана савдо объектларида, шу жумладан электрон тижорат орқали қурилмаларни етказиб берадиган ва ўрнатадиган корхоналардан қурилмалар сотиб олинганида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.

Шунингдек фармонда қуйидагилар кўзда тутилган:

  • ҳудудлардаги 34 мингдан ортиқ объектларда, шу жумладан 619 “Янги Ўзбекистон” массивларида ва вилоятлардаги 28 мингдан ортиқ уй хўжаликларида муқобил энергия манбаларини жорий етиш;
  • вазирликлар ва идоралар таркибидаги 6 мингдан ортиқ объектларда муқобил энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш (2023 йил якунлари бўйича);
  • “Темир дафтар”га киритилган оилаларни маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қайта тикланувчи энергия қурилмалари билан таъминлаш (2022 йилда эҳтиёжманд оилаларнинг 20%, 2023 йилда 80%);
  • қурилмалар эгалари (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини  сотиш имконияти (фақат «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва давлат томонидан ваколат берилган органга бундай энергияни сотиб олишга рухсат берилган, бунда электр энергиясини харид қилиш камида ўн йил муддат давомида амалга оширилади);
  • асосий фаолияти қуёш, шамол электр станциялари ва кичик ГЭС ишлаб чиқариш ва ўрнатиш бўлган юридик шахслар, шу жумладан 2025 йилгача ташкил этилган янги юридик шахслар тадбиркорлик субъектлари сифатида рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 3 йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғини белгиланган ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида тўлайдилар.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 январдан бошлаб:

  • маҳаллий иссиқлик таъминоти тизимларига уланган барча (давлат ва хусусий) янги ва реконструкция қилинган ижтимоий объектларни, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектларини, кўп қаватли уйларни, шунингдек майдони 1 000 м2 дан ортиқ бўлган барча савдо марказларини лойиҳалаштириш ва ишга туширишда иссиқ сув ҳажмининг камида 25%и қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш орқали қопланишини таъминлаш лозим;
  • лойиҳа ҳужжатларида қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ўрнатиш кўзда тутилмаган ҳолда қурилиш ишларини бошлаш тақиқланади;
  • иссиқ сувдан фойдаланиш режалаштирилган, бироқ  қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилиши назарда тутилмаган янги бино ва иншоотларни (якка тартибдаги уй-жой бундан мустасно) фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади;
  • энергия тежайдиган ва қайта тикланадиган энергия манбаларининг жорий этилиши ижтимоий соҳа вакиллари ва бошқа бюджет ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг KPI ни шакллантиришда ҳисобга олинади.

Шунингдек, Фармонда қуйидагилар назарда тутилган:

  • 2022 йил 1 октябрдан бошлаб «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва давлат томонидан ваколат берилган орган қуввати 5 МВтгача бўлган ГЭСда ишлаб чиқилган электр энергиясини  кафолатланган  тарзда харид қилиш;
  • қуввати 5 МВтгача бўлган ГЭСларни қуриш лойиҳалари ташаббускорлари орасида ғолибни аниқлаш «Е-AUKSION» савдо майдончасида ўтказиладиган, харид қилиш тарифларини пасайтиришга қаратилган аукцион орқали амалга оширилади;
  • бундай аукцион савдосининг умумий давомийлиги 30 иш кунидан ошмайдиган тартиб ўрнатилади, бунда аукционда бир нафар иштирокчи қатнашган бўлса ҳам у ўтказилган ҳисобланади;
  • Энергетика вазирлигига  микро ва кичик ГЭС қуриш учун ер участкалари ажратилади ва кейинчалик ушбу майдонлар узоқ муддатли ижара асосида аукцион ғолибига топширилади. Бунда ер участкасини олиб қўйиш ва рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ижарага олувчи  томонидан қопланади. Шунингдек, ижрага олувчи ушбу ер участкасининг  солиқ тўловчиси деб  ҳисобланади.

Ҳужжат билан 5 МВт гача қувватга эга микро ГЭСларни  қуриш бўйича ҳудудлар кесимидаги 200 та лойиҳалар рўйхати ва  ушбу ГЭСларни қуриш бўйича бизнес-лойиҳаларни молиялаштириш учун хусусий инвесторларни жалб қилиш схемаси тасдиқланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.