Bo'limsiz

Украина элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашмасликка чақирди

На фото посольство Украины в Ташкенте / 2gis.uz

Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон фуқароларига Россиянинг ушбу давлатга қарши урушида қатнашмаслик ва Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақирган мурожаатини эълон қилди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.

Мурожаатда айтилишича, Россия «Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида олиб борилаётган жанговар ҳаракатлар чоғида… шахсий таркибдаги катта йўқотишлари туфайли» Украинага қарши урушда қатнашиш учун хорижий фуқароларни жалб қилишга уринмоқда.

«Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, ишғол қилинган Донецк вилояти Горловка шаҳрида жойлашган Россия босқинчи кучларининг бўлинмаларида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари борлиги аниқланган», — дейилади элчихона хабарида.

Ўзбекистонликлар Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, қурилиш ишларини олиб бориш учун келгани аниқланган. Мариуполга етиб келганидан сўнг уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва бу фуқаролар кўнгиллилар сифатида сафарбар қилинган.

Элчихона Ўзбекистон фуқаролари эътиборини Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этишига йўл қўйилмаслигига қаратди: «Украинага қарши қуролли тажовузда қатнашган чет эл фуқаролари Украина миллий қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилади».

Элчихона, шунингдек, «Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида ҳар қандай фаолиятда қатнашиш учун Украина давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга йўл қўйилмаслигини» таъкидлади.

«Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларига, жумладан, қурилиш ёки бошқа ишларда қатнашиш учун ноқонуний равишда келган хорижлик фуқаролар босқинчиларнинг шериклари сифатида кўриб чиқилади ва Украина қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади», — дейилади дипломатик ваколатхона хабарида.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.