Украина элчихонаси Ўзбекистондаги Россия телеканалларини блокировка қилишни сўради

Николай Дорошенко. Источник: «Озодлик»

Украина элчихонаси 1 март куни Ўзбекистон ТИВга мамлакатда Россия телеканаллари эфирини тақиқлашни сўраб нота юборди. Бу ҳақда элчи Николай Дорошенко “Озодлик” радиосига рус тилида берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.

Унинг сўзларига кўра, «Украина Европа иккинчи Жаҳон уруши давридан бери кўрмаган тажовузга дуч келди, у хаттоки бу даражадан ҳам ошиб кетди».

«Украина Россия ҳарбий машинасининг деярли барча арсенали зарбасини ўзига олмоқда ва нафақат ўз мамлакатининг, балки бутун қитъанинг хавфсизлигини ҳимоя қилмоқда. Биз нимага нота юбордик? Бу айнан шу билан боғлиқ. Биз [РФ президенти Владимир] Путин ва унинг жиноий буйруқларининг барча ижрочиларини Нюрнберг трибунали кутиши ҳақида гапирмоқдамиз. Биз бу маълумот ҳақида нафақат Украина ёки Европа мамлакатларида, балки Ўзбекистонда ҳам билишларини хоҳлаймиз. Бироқ, минг афсуски, Россия телеканаллари умуман бошқа урушни ёки эҳтимол, бу урушнинг аслида йўқлигини намойиш этмоқда. Ва шунинг учун ҳам биз нотани тайёрлашга мажбур бўлдик, мен уни имзоладим, биз 1 мартдаёқ уни юборгандик», — дейди Николай Дорошенко.

Нотада қайд этилишича, Россия ОАВлари «Россия Федерациясининг Украинага қарши урушини тарғиб қилиш, аллақачон минглаб бегуноҳ фуқаролар жабрланган ва фуқаролик инфратузилмасига улкан миқёсда зарар етказган кенг кўламли Россия қуролли тажовузига қарши курашаётган украин халқига нисбатан миллий нафратни қўзғашга қаратилган мақсадли фаолиятни амалга оширмоқда».

«Россия оммавий ахборот воситалари томонидан олиб борилаётган ахборот уруши ҳарбий кампаниянинг ажралмас қисми ҳисобланади ва жаҳон ҳамжамиятини дезинформациялашга қаратилган», — дейилади нотада.

Элчихона маълумотига кўра, дунёнинг кўплаб давлатлари аллақачон Россиянинг «пропагандачи» телеканаллари эфирини тўхтатиш бўйича қарор қабул қилган.

«Европа Иттифоқи давлатлари томонидан урушни бошлаган ва халқлар ўртасида нафратни уруғлантираётган Кремль пропагандачиларига қарши санкцияларни қўллаш бўйича қарор қабул қилинди. Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Украина томони Ўзбекистон раҳбарияти ва ваколатли ҳокимият органларидан Россия телеканалларини Ўзбекистонда эфирга узатилиши ва кабель тармоғи орқали намойиш этилишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилишни сўрайди», — дея қайд этади хат.

Николай Дорошенко Ўзбекистон томони ҳозирга мурожаатга жавоб бермаганини маълум қилди.

Элчи шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати вафот этганлар муносабати украин халқига таъзия изҳор этиш мақсадида расмий мурожаат билан чиқмаганини таъкидлади. Шунга қарамасдан, унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг кўплаб фуқаролари ижтимоий тармоқлар ва телефон орқали элчихонага қўллаб-қувватлашини айтган.

«Жамиятнинг муносабат билдираётгани ва Украинада нима содир бўлаётганини тушунишининг ўзи қайсидир маънода жавоб ҳисобланади. Мени буни юқори қадрлайман. Элчихонанинг веб-сайти ва менинг саҳифамда ҳозир ўз шаҳрини тарк этаётган, жабрланган болалар ва одамларга инсонпарварлик ёрдамини жўнатиш учун пул йиғиш мақсадида ҳисобрақамни эълон қилишди. Мен сизга айтишим мумкинки, 9000 сўмдан 23, 30 ва 50 минг сўмгача ўтказмалар келмоқда. Буни эҳтимол, украин халқи ёрдамга муҳтож эканлигини тушунадиган бадавлат бўлмаган одамлар юбораётганини англаётган бўлсангиз керак. Мен бу одамлардан жуда миннатдорман», — дейди дипломат.

Николай Дорошенко 1966 йилда Тошкентда содир бўлган вайронкор зилзиладан сўнг, Украинадан 30 мингдан ортиқ қурувчилар келиб, шаҳарни қайта тиклашда иштирок этганини эслатиб ўтди. Чилонзор туманидаги уйларда «Ўзбек халқига — Украинадан» деган ёзувларни кўриш мумкин.

Шу билан бирга, элчи ҳозирги вақтда Ўзбекистон «бефарқ қолмаётганини» таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати Украинага дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларидан иборат 28 тонналик инсонпарварлик ёрдамини юборган. У шунингдек, ўзбекистонлик волонётлар ҳам ёрдам тўплаётганини қўшимча қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.