Украина ҳукумати Алишер Усмоновга тегишли бўлган темир рудаси партиясини ҳибсга олди

Источник: СБУ

Украина Хавфсизлик хизмати келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик олигарх Алишер Усмоновга тегишли бўлган икки миллиард гривнага тенг темир рудаси партиясини ҳибсга олди, дея хабар беради департамент матбуот хизмати. Бунга “Медиазона” эътибор қаратган.

Махсус хизматлар мамлакат денгиз портларида 160 минг тоннадан ортиқ украин темир рудаси сақланган бир нечта яширин омборларни аниқлади. Аниқланишича, хомашё Усмоновнинг компаниясига тегишли бўлган.

УХХ маълумотларига кўра, яширилган рудани Россияга кемалар орқали яширинча олиб ўтиш кўзда тутилган. Шундан сўнг улар фойдали қазилмаларни металлургия саноати ва ҳарбий-саноат комплекси эҳтиёжларига ўтказишни режалаштирган. Энди россиялик олигархнинг мулки ҳибсга олинди.

Алишер Усмонов дунёдаги энг бадавлат одамлардан бири бўлиб, уни “Владимир Путиннинг яқин даврасидаги одам” деб аташади. Украинада уруш бошланганидан сўнг Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ Усмонов, Дмитрий Песков ва Путинга яқин бўлган бошқа шахсларга нисбатан санкциялар жорий этди. Чекловлар юқоридаги шахслар ва улар билан боғлиқ компанияларнинг барча активларини музлатишни назарда тутади.

Усмонов МДҲ мамлакатларидаги энг йирик тоғ-кон холдинги – «Металлоинвест» компаниясининг бенефициари ҳисобланади. Корхона темир рудасини қазиб олиш бўйича дунёда етакчи ўнталикдан бирига киради.

Бу Украинада уруш бошланганидан кейин Усмоновнинг хориждаги мол-мулкини ҳибсга олиш бўйича биринчи ҳолат эмас. Ноябрь ойида Германия полицияси олигархга тегишли Dilbar яхтасидан 5 миллион долларлик 30 та картинадан иборат коллекцияни мусодара қилган эди.

Аввалроқ эса Германия полицияси Алишер Усмонов ва унинг синглисига тегишли Бавария жанубидаги Тегернзе кўли қирғоғида жойлашган учта уйда рейд ўтказган. Немис расмийлари уни миллионлаб евро солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда ва ҳашаматли кўчмас мулк, Dilbar мегаяхтаси, Airbus А340 самолёти ва қимматбаҳо автомобиллар коллекциясини сотиб олиш орқали пул ювишда гумон қилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.