Ҳукумат ўқитувчилар учун узайтирилган меҳнат таътили муддатини тасдиқлади

Источник: unsplash.com

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 26 июндаги қарори билан ўқитувчиларнинг йиллик узайтирилган меҳнат таътиллари муддатлари тасдиқланди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.

Ҳужжат мактаблар, ихтисослаштирилган мактаблар, мактабдан ташқари ташкилотлар («Баркамол авлод» мактаблари, ёш педагоглар марказлари), спорт ва мусиқа мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, «Меҳрибонлик уйлари», касб-ҳунар мактаблари, коллеж, техникумлар директорлари, олий ўқув юртлари ректорлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари, ўқитувчилари, педагоглари, психологлари, дефектологлари, логопедлари ва таълим муассасаларининг бошқа ходимларига тегишли.

Эндиликда умумтаълим мактаби директори ва унинг ўринбосарлари 56 кун, ўқитувчи, логопед, дефектологлар 56 кун, тарбиячи, психолог, тўгарак раҳбари, мусиқа раҳбари 42 кунлик таътил олишлари мумкин бўлади.

Боғчалардаги директор, тарбиячи, мусиқа раҳбари, психолог, тарбиячи методистга 42 кун, жисмоний тарбия йўриқчиси, хореограф, сузиш бўйича йўриқчи, тарбиячи ёрдамчисига 27 кун, ўқитувчи, логопед ва дефектологга 56 кун узайтирилган таътил берилади.

Янги Меҳнат кодексига кўра, педагог ходимлар иш вақтининг аниқ давомийлиги ва йиллик узайтирилган меҳнат таътилларининг муддатлари Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.