“Улар бизни яна «эски Ўзбекистон»га қайтаришмоқда”: Тошкентда меҳмонхона меҳмонларининг ҳужжатларини эрта тонгда текширишяпти

Источник: Дильшод Одилов

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари Тошкент меҳмонхоналари меҳмонларининг ҳужжатларини текширишни бошлашди. Улар меҳмонхоналарга эрта тонгда — 5:00 дан 7:00 гача етиб келишади. Уларни биринчи навбатда e-mehmon тизими орқали яшаш жойида рўйхатдан ўтган меҳмонлар қизиқтирмоқда, деб ёзади «Фергана» нашри.

Текширувлар август ойининг охирги ҳафтасида бошланган. Баъзи ҳолларда полиция ходимлари хонага кираверишда меҳмонлар билан мулоқот қилиш билан чекланиб қолмаган, балки ичкарига киришган. Бу маълумотни Ўзбекистон пойтахтидаги меҳмонхона менежерлари Телеграм гуруҳида ўтказилган сўровда иштирокчиларнинг 76 фоизи тасдиқлади.

«Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари меҳмонлар рўйхатдан ўтган хонада ҳақиқатда қолаётганига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлишган. Аслида ушбу текширувлар учун ҳеч қандай асос йўқ эди. Текширувлар эрта тонгда ўтказилгани боис, дам олишга келган кўплаб сайёҳлар норози бўлишди», — дейди Тошкентдаги бир қанча меҳмонхоналар менежери Дилшод Одилов.

Сайёҳлар ва меҳмонхона раҳбарларининг норозилигига ИИВ бу нормал ҳолат деб жавоб берди.

«Фуқаролар шахсини аниқлаш ва текшириш чора-тадбирлари хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда тезкор-профилактика ишлари бўйича олдиндан белгиланган махсус режалар асосида амалга оширилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг барча ҳаракатлари белгиланган тартибда ва белгиланган қонун ҳужжатлари доирасида амалга оширилади. Табиийки, текширувлар айрим фуқароларга маълум ноқулайликлар туғдиради, бироқ бутун дунёда бундай чоралар одатий ва мақбул ҳисорбланади», — деган ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳаракатларидан норози бўлган шахслар белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

«Биз туристлар олдида ўзимизни шарманда қиляпмиз. «Мамлакатингиз электрон регистрингизга ёки чегарачиларингизга ишонмайдими?» — деб сўрашяпти меҳмонлар. Президент туризмни ривожлантириш кераклигини айтади, лекин бу соҳага зиён етказиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилинмоқда. Бизни яна «эски Ўзбекистон»га қайтаришади, чунки бундай нарсалар 2016 йилгача бўлган. Кейин текширишлар тўхтади, лекин кўриб турганингиздек, яна давом этмоқда», – дейди Дилшод Одилов.

Ўзбекистон Туризм ва Маданий мерос вазирлиги вазиятга муносабат билдирди ва меҳмонхона меҳмонлари тинчлигини бузишни тўхтатиш талаби билан Ички ишлар вазирлигига хат юбориш ниятида эканини таъкидлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.