Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди
Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келган Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Тўра Боболов бошқа ишга ўтгани муносабати билан Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. Тегишли қарорлар давлат раҳбари томонидан имзоланди, дея хабар беради Ўзбекистон президентининг матбуот котиби.
Шу йилнинг сентябрь ойида Тўра Боболов жарима шаклида интизомий жазога тортилганди. Санкция ҳоким фаолиятини ташкил этишда “давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотлар”га мос келмаслик, “ҳокимлар учун белгиланган талабларга риоя қилмаслик ва йиғилиш иштирокчиларини ҳақоратлаш” каби ҳолатлар юзасидан кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлганлиги учун қўлланилган. » Жарима иш ҳақининг 40 фоизини ташкил этган.
Август ойи охирида интернетда Тўра Боболовнинг Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазоновни ҳақоратлагани акс этган аудио тарқалди. Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги ёзилган овоз ҳокимники эканини тасдиқлади, лекин бу нотўғри талқин қилинганини маълум қилди. “Йиғилиш танқидий руҳда ўтгани учун вилоят ҳокими асабий ҳолатда гаплашишга мажбур бўлди”, — дея унинг сўзларини тушунтиришга уринган ҳокимлик.
Шарҳлар