Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди

Улугбек Касимов. Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши сессиясида Президент вилоят фаолларининг билдирган фикрлари асосида Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Қосимов Улуғбек Бердиқобилович номзодини тавсия этди.

Номзоднинг вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантириш, ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режалари эшитилди ва муҳокама қилинди.

Президент сессияда билдирилган режа ва таклифлардан келиб чиқиб, янги ҳоким ва мутасаддилар олдида вилоятни янада ривожлантириш бўйича турган вазифаларни белгилаб берди.

«Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш энг асосий вазифа сифатида белгиланди. Маҳаллаларга оилавий тадбиркорликни олиб кириш ва касаначилик орқали 60 мингдан зиёд аҳолини, янги бизнес субъектлари ташкил қилиш орқали 4 минг аҳолини, ишсизларни замонавий касбларга ўқитиб 20 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди», – дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.

Охирги беш йилда вилоят саноатига 30 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 5 мингдан зиёд корхона ташкил топган. Ишлаб чиқариш 3 баравар кўпайиб, саноат экспорти 132 миллион долларга етган. Сурхондарёда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, электр техникаси каби янги тармоқлар пайдо бўлган. Шу билан бирга, вилоятда ҳали фойдаланилмаган конлар ва имкониятлар кўп. Жорий йилда 292 та саноат лойиҳаси ишга туширилиши белгиланди. Бу 10 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Йиғилишда энергетика масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидро электр станцияси ҳамда янги 3 та кичик ва микро ГЭСда шу йилнинг ўзида 350 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шеробод туманида 457 Мегаватт қувватли йирик қуёш электр станцияси ишга туширилади. Шунингдек, кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатиш бўйича режалар айтиб ўтилди.

Сурхондарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 465 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 328 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

Булар орқали 325 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаб, Сурхондарёни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилиб қўйилди.

Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ташкилий масала овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбари белгиланган режалар энди ҳаётга кўчиши, барча ташкилотлар ҳоким атрофида бирлашиб, халққа хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.