Урганчда меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг зўрланиши. Фикр-мулоҳазалар

Источник: rawpixel.com

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйининг раҳбари 3 нафар вояга етмаган тарбияланувчи қизни 10 ой давомида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани маълум бўлди.

Сентябрь ойида биринчи инстанция суди меҳрибонлик уйи раҳбарини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (18 ёшга тўлмаганлиги маълум бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси), 167-моддаси 2-қисми «д» банди (хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш йўли талон-тарож қилиш ёки растрата йўли билан ўзлаштириш) ва 209-моддаси 1-қисми (хизмат ҳужжатларини қалбакилаштириш) бўйича 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилган.

Адлия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг раҳбарлари Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида (Жинсий алоқа ёки жинсий эҳтиёжни 16 ёшга тўлмаганлиги шахсга маълум бўлган шахс билан ғайритабиий шаклда қондириш) ва Жиноят кодексининг 128-1-моддасининг эски таҳририда (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсга моддий бойлик ёки мулкий наф бериш йўли билан жинсий яқинлик қилиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Уларга 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш тарзидаги жазо белгиланди, бу вақт давомида уларга 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш, шунингдек пробация органларини огоҳлантирмасдан яшаш жойини ўзгартиришлари ва яшаш тумани чегараларини тарк этиш тақиқланди.

2022 йил декабрь ойида апелляция суди ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Бу ҳолатга давлат идораларининг мансабдорлари қандай муносабат билдирди

Адлия вазирлиги “тизимда ишлаётган ходимларнинг, хусусан, раҳбарларнинг давлат хизматчиси обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракат содир этишдан тийилиши, уларнинг жамиятда ўрнатилган ахлоқ нормаларига риоя қилиши юзасидан мунтазам чоралар кўриб боришини, шу билан бирга, кўп минг сонли ходимларнинг ҳар бирини ишдан ташқари вақтда одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш имконияти чекланган”лигини маълум қилган.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда қайд этилган вазирлик ҳудудий бошқармаси раҳбарининг на қонунларга, на ахлоқ ва қадриятларга мос келмайдиган ҳаракатлари бизни чуқур ларзага солди. Ушбу жиноий ҳаракат ҳақида бизга маълум бўлган вақтидаёқ у лавозимидан озод этилган. Унга нисбатан тегишли суд ҳукми чиқарилиб, жиноий жавобгарликка тортилган», — дейилади Адлия вазирлигининг хабарида.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам Хоразм вилояти Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғига Меҳрибонлик уйининг вояга етмаган тарбияланувчиси билан боғлиқ иш бўйича ҳукм чиқарилганини тасдиқлади. “Ўтган йили тергов ишлари олиб борилаётган вақтда ушбу ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Унинг кейинги тақдири билан ваколатли органлар шуғулланган”, – дейилади хабарда.

Иш ёпиқ тарзда кўриб чиқилган

Олий суд амалдорларнинг қизлар билан жинсий алоқада бўлганлиги ҳақидаги суд қарори устидан шикоят ёки протест келиб тушмаганини билдирди.

2022 йил 6 сентябрь куни Дилмурод Отамуратов раислигида ўтган жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Хива тумани суди Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари Юлдуз Худайбергенова, Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовга нисбатан ҳукм чиқарган. Бироқ зўравонликка қарши Nemolchi.uz  лойиҳаси бу ҳақда хабар бермагунча қарийб 7 ой давомида жамоатчилик бу иш ҳақида билмаган.

Аввалроқ Олий суд матбуот хизмати «Газета.uz»га иш судда ёпиқ тарзда кўрилгани, шу сабабли жараён тафсилотларини ошкор этиб бўлмаслигини маълум қилганди. Шунга қарамай, иш тафсилотлари Олий суд сайтида топилган. Айбланувчиларнинг исмлари ҳам машҳур блогерлар томонидан аниқланиб, оммага ошкор этилган.

Бошқа фикрлар

Ўзбекистон Болалар омбудсмани Алия Юнусова Урганчдаги оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг зўрланиши билан боғлиқ вазиятни ўрганаётганини маълум қилди.

Олий Мажлис Сенатининг раиси Танзила Нарбаева “вояга етмаганларга нисбатан содир этилган бундай тубан жиноятларга давлатнинг, жамиятнинг қатъий ва муросасиз жавоби бўлиши шарт” эканини қайд этган.

“Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунимизда мазкур тоифадаги жиноятлар учун жазонинг жиддий кучайтирилаётганлиги айнан шунинг учун ҳам ниҳоятда муҳимдир”, – деб ёзади у.

Президент Администрацияси Ижрочи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича сектор мудираси Саида Мирзиёева бу ҳолат қонунчиликда жиддий муаммолар борлигини ва ушбу бўшлиқдан жирканч шахслар фойдаланиб қолаётганини кўрсатишини айтади.

«Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги эса ниҳоятда хавотирлидир. Бош прокуратурадан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўрайман», — деб ёзади у.

Саида Мирзиёева мавжуд қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш, турли “лазейка”ларни ёпиш, оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлайди.

Мансабдор шахслар вазият ҳақида билган

Зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳасининг асосчиси Ирина Матвиенконинг айтишича, февраль ойи бошида Сенатда аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган тузатишлар ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида у 1-сонли оилавий болалар уйидаги вазият ҳақида гапириб берган.

“Мен бу воқеани Сенатда февраль ойи бошида бўлиб ўтган ишчи гуруҳ йиғилишида гапиряпман. Залда сенаторлар, Адлия вазирлиги, Олий суд ва бошқа идораларнинг вакиллари ўтиришибди. Улар мени тинглашди, шокка тушиб қолишди, бироқ ҳеч нарса қилишмади”, – дейди фаол.

Ирина Матвиенко суд ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиққан жиноят ишининг материалларига таянган ҳолда, ойлаб давом этган қизларнинг зўрланишига яна камида уч киши алоқадор бўлиши мумкинлигини ҳам айтади. Бироқ суд уларни айбланувчи сифатида эмас, балки гувоҳ сифатила кўриб чиққан.

Бош прокуратура меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини зўрлаш иши бўйича чиқарилган ҳукм юмшоқ бўлганини тан олди.

«Жинсий зўравонлик болалар ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ҳисобланади»

БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги меҳрибонлик уйида қизларнинг жинсий зўравонлик ва эксплуатация қилиниши ҳақида шу кунлардаги хабарлардан чуқур хавотирда эканлигини билдирди.

«Жинсий зўравонлик болалар ҳуқуқларининг жиддий бузилиши бўлиб, у боланинг жисмоний ва руҳий фаровонлигига узоқ давр мобайнида ҳалокатли таъсир кўрсатади. Қизлар ва ўғил болаларни ҳар қандай зўравонликдан яхшироқ ҳимоя қилиш, жиноят содир этганлар жазосиз қолишига йўл қўймаслик учун қонунчилик ва сиёсатни кучайтиришимиз керак», — деди у.

“ЮНИСЕФ фаол аъзоси бўлган Сенат ҳузуридаги идоралараро ишчи гуруҳи томонидан болаларни жинсий зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича ишлаб чиқилган ҳамда Жиноят кодексига киритилиши таклиф этилган тавсияларни тегишли тузилмалар кўриб чиқишларига чақирамиз”, — дея қайд этади Мунир Мамедзаде.

«Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ва эксплуатацияга қарши курашиш устувор бўлиши, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар малакали ижтимоий ходимлар томонидан мунтазам равишда назорат қилинадиган сифатли оилавий муҳит негизида муқобил парвариш билан таъминланиши ҳамда буни малакали ижтимоий хизмат ходимлари мониторинг қилиши зарур», — дея таъкидлайди ЮНИСЕФ ваколатхонасининг раҳбари.

«Шу боис ушбу соҳа бўйича масъулиятни ижтимоий хизмат кўрсатиш учун жавобгар бўлган тузилмаларга топширишни, бу соҳада фақат малакали мутахассислар ишлашини таклиф қиламиз», — дейди у.

ЮНИCЕФ зўравонликка дучор бўлган болалар ва ўсмирларнинг ёши ва гендер жиҳатлари ҳисобга олинган ҳолда адолатли судлов, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилашда, профилактика дастурларини ишлаб чиқишда ва зўравонликни қораламасликдек ижтимоий нормаларни ўзгартиришда Ўзбекистон ҳукуматига кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

«Биз тегишли ташкилотларга болаларни ўз оилаларидан заруратсиз ажратишнинг олдини олиш ва муқобил парвариш, хусусан профессионал фостер ҳомийлик хизмати сифатини яхшилаш учун оилани қўллаб-қувватлаш хизматларини кучайтиришда ёрдам беришга содиқмиз», — дея қўшимча қилди Мунир Мамедзаде.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.