Ургутда ўз жонига суиқасд қилган қиз ҳақидаги иш қайтадан тергов қилинади
Ургут туманида 19 ёшли келиннинг фотосурати Telegram`даги беҳаё каналга чиқариб юборилгани сабабли ўзини ўзи осиб қўйгани бўйича жиноят иши қайтадан тергов қилинади. Бу ҳақда “Газета” нашри Ўзбекистон Бош прокуратурасининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.
Аввалроқ нашр туман прокуратураси иш таркибида ҳеч қандай жиноят аломатлари топилмагани сабабли ўзини ўзи ўлдириш бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этгани ҳақида ёзган эди.
«Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижасига кўра жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган. Мазкур қарор Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилиб, бекор қилинган ва қўшимча текшириш ҳаракатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказиш ҳақида кўрсатма берилган». «Қўшимча текшириш натижалари бўйича қабул қилинган қонуний қарор ҳақида кенг жамоатчиликка эълон қилинади», — дея маълум қилди Бош прокуратура.
Аёл 3 март куни ота уйининг орқа хонасида ўзини осган. Марҳумнинг турмуш ўртоғининг айтишича, унинг сурати каналда интим видеоларга ишора қилувчи сарлавҳа билан жойлаштирилган. Илгари эълон қилинган вилоят прокуратураси баёнотида суратга ҳеч қандай имзо қўйилмагани, каналдаги суратларда қизлар кийимда бўлгани айтилади.
Ўз жонига қасд қилиш ҳолати Nemolchi.uz зўравонликка қарши лойиҳаси томонидан эълон қилинганидан кейин маълум бўлди. Унда айтилишича, аёл сурати ҳақида уни қўллаб-қувватлаган турмуш ўртоғига, сўнгра отасига айтган, сўнг уйига, ота-онасиникига кетган. Унинг отаси жанжал чиқариб, унга бақирган, дейилади хабарда.
Шарҳлар